platina.uz
Таҳлил

Дунё энг йирик энергетик инқироз ёқасида турибди

Трампга эса импичмент хавф солмоқда. Platina.uz Яқин Шарқдаги можаро глобаллашаётгани, иқтисодий, сиёсий ва бошқа оқибатларни таҳлил қилди.

Дунё энг йирик энергетик инқироз ёқасида турибди
Фотоколлаж: Platina.uz

2026 йил 28 феврал куни АҚШ ва Исроил коалицияси Эрон ҳудудидаги ҳарбий ва инфратузилмавий объектларга ҳаво зарбаларини бошлади. Жавоб тариқасида Эрон минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига, маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларига ракета ва дрон орқали зарбалар бера бошлади. Натижада вазият кенг кўламли геосиёсий ва иқтисодий инқирозга айланди.

Энг жиддий омиллардан бири – Ҳормуз бўғозидаги хавфсизликнинг издан чиқиши бўлди. Бу йўлак орқали жаҳон нефтининг 20 фоиздан зиёд қисми ташилади. Кемалар ҳаракатининг чекланиши глобал энергетика бозорига кучли босим қилди.

Энергетика ва жаҳон бозорларига таъсир

Можаро, айниқса Ҳормуз бўғозининг ёпилиши натижасида нефт нархлари кескин ошди, бозорда юқори ноаниқлик сақланмоқда. Суюлтирилган газ етказиб беришда узилиш хавфи кучайди.

Нефт ва газ импортига боғлиқ давлатлар (Европа, Ҳиндистон, Хитой ва бошқалар) энг катта хавф остида қолмоқда. Энергия нархларининг ошиши инфляция босимини кучайтирди. Логистика занжирлари издан чиқиб, ташиш харажатлари ошди.

Кеплер институтининг маълум қилишича, Ҳормуз бўғозининг ёпилиши ва Қатарда суюлтирилган газ ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши билан бир вақтда Европа энергетик инқирозга йўл олмоқда. Ҳозирда Европада газ нархи 50 фоизга ошган. Маълумки, Қатар ўз суюлтирилган табиий гази экспортининг 90% гачасини Уммон ва Эрон орасидаги ушбу тор йўлак орқали юбормоқда. Мутахассислар фикрига кўра, Хитой, Ҳиндистон, Тайван ва Жанубий Корея Осиёда энг заиф аҳволда қоладиган давлатлар қаторига киради.

Европа ерости захираларининг 70 фоизи аллақачон тугагани инобатга олинса, бўғознинг ёпилиши улкан энергетик инқироздан дарак беради. 4 март куни Россия президенти Владимир Путиннинг Европага газ етказиб беришни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдириши ҳам хавотирларни кучайтирмоқда. “Россия учун ҳозироқ Европага газ етказиб беришни тўхтатиб, бошқа бозорларга эътибор қаратиш фойдалироқ”, деган Россия президенти. Бундай қарор амалга ошса, Сербия президенти Вучичнинг таъбири билан айтганда, “нефт нархи Европани ўлдиради. Европа Ҳормуз бўғози ёпилиши оқибатида “дўзахга қулайди”.

Ким зарар кўрмоқда?

Можаро нафақат минтақада хавфсизликка таҳдидни кучайтирди, балки инфратузилмалар ва иқтисодиётни ҳам издан чиқармоқда.

Умумлаштириб айтганда, бу аввало энергия импортига қарам мамлакатларда ёқилғи қимматлашиши ва иқтисодий ўсишни секинлаштиради. Ривожланаётган иқтисодиётларда эса инфляция ва валюта босими кучаяди. Глобал ишлаб чиқариш ва транспорт соҳасида ёқилғи харажатлари ошиши сабабли нархлар кўтарилади. Оддий истеъмолчилар учун эса бензин, электр энергияси ва озиқ-овқат нархлари ошиши эҳтимоли катта.

Давлатлар миқёсида олганда энг асосий зарар кўраётган субъектлар сифатида Хитойни кўрсатиш мумкин. Хитой можародан аввал ўзи истеъмол қиладиган нефтнинг деярли ярмини Яқин Шарқ давлатларидан импорт қилган. Можаро натижасида юзга келган нефт тақчиллиги Хитой иқтисодиётига зарба беради. Натижада у бошқа бозорларни излашга, ўзи учун ноқулай шартномалар тузишга мажбур бўлади.

Яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра, Хитойга Яқин Шарқ давлатларида йирик тоннажли юкларни етказиш учун фрахт (“йўлкира”) нархлари 1,9 бараварга ошган.

Бундан ташқари, Хитойда ишлаб чиқарилган товарларни экспорт қилиш учун асосан Покистон ва Эрон портлари орқали океанга чиқади. Бу йўл эса Афғонистон орқали ўтади. Ҳозирда бу давлатларнинг барчасида қуролли тўқнашувлар юз бераётгани логистика хавфсизлиги ва “йўлкира” нархларини оширади. Демакки, товарлар нархи ошиб, рақобатбардошлиги ва маржаси пасайиб кетади.

Нефт нархининг ошиши Россия даромадларини орттиради ва Украинага қийин бўлади. Ғарб ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги можарога ўралашиб қолиши эса Киевни янада ёлғизланиб қолишига олиб келади.

Шу билан бирга, Яқин Шарқдаги туризм саноати ва авиаташувлар соҳаси ҳам қулайди. Маълум бўлишича, туризм компаниялари акциялари пандемиядан бери энг жиддий тарздаги бўронлар фонида кескин тушиб кетган.

Масалан, энг катта Форс кўрфази аэропортлари, жумладан, дунёдаги энг қатновлар кўп – одатда кунига 1000 дан ортиқ рейсни қабул қилган Дубай халқаро аэропорти 3 кун давомида ёпиқ қолди. Натижада, ўнлаб минглаб йўловчилар қийин аҳволга тушди ва авиация COVID-19 пандемиясидан бери энг жиддий синовга дуч келди.

Уруш сабабли АҚШ авиакомпанияларининг акциялари нархи тушди, шу билан бирга Delta Air Lines, United Airlines ва American Airlines акциялари 2-4%га камайди. Reuters ҳисоб-китобларига кўра, Европа, Осиё ва Шимолий Америкадан 29 та етакчи авиакомпания, меҳмонхона ва туристик компаниялар 2 март куни умумий ҳисобда 22,6 миллиард долларга бозор қийматини йўқотди.

Европанинг энг катта туристик компанияси TUI акциялари 9,9%га тушди, Германиянинг Lufthansa 5,2%га, British Airways эгаси IAG эса 5,5%га қиймат йўқотди.

Албатта, можародан Эроннинг ўзи энг катта зарар кўради. Ҳозиргача Эроннинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари, ракета, дрон захиралари катта зарар кўрди. АҚШ ва Исроил яқин кунлар ичида Эрон осмони устидан тўла назорат ўрнатилишини айтмоқда. Шундай ҳам ойига 50-100 доллар даромадга яшайдиган халқнинг аҳволи қийинлашади. Мамлакат иқтисодий тараққиёти орқага кетади.

Ким қисман ютмоқда?

Эрон атрофидаги можародан нефт ва газ ишлаб чиқарувчи давлатлар қисман фойда кўради. Яъни юқори нархлар ҳисобидан экспорт даромадлари ортиши мумкин. Россия, Венесуэла, Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон учун шундай имконият пайдо бўлади. Хусусан, Россиянинг даромадлари ортиб, Украина билан урушда устунлиги кучаяди.

Шу билан бирга, НАТО бош котибининг билдиришича, “Эрон ўзининг оммавий қирғин қуроли бўлган “Шаҳид” дронлари ёрдамида Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларига кўмаклашган асосий шериклардан бири эди. Эндиликда Эроннинг Исроил ва АҚШ томонидан кенг кўламли ҳужумга учраши унинг ўз тартибсизликларини ҳатто Россияга ва шу тариқа Украинага ҳам экспорт қилиш қобилиятини заифлаштиради”.

Агар Ҳиндистон учун Яқин Шарқдан нефт импорти пасайиб кетса, яна Россиядан нефт сотиб олишга қайтиши мумкин.

Associated Press ёзишича, Россия нефти нархи декабр ойида баррели 40 доллар бўлган бўлса, Эрондаги уруш бошланиши ва Ҳормуз бўғози орқали деярли барча етказиб бериш тўхтатилиши билан 62 долларга чиқди. Россия нефти ҳали ҳам Brent (1 баррели – 82 доллар) нархидан арзон савдолашади, аммо бу 2026 йил учун Россия молия вазирлиги прогнозидан (1 баррели – 59 доллар) юқори. Нефт ва газ федерал бюджет даромадининг 30% гача қисмини ташкил қилади.

Россия иқтисодиёти бўйича мутахассис Александра Прокопенконинг таъкидлашича, кўп нарса Ҳормуз бўғози қанча вақт ёпиқ қолишига боғлиқ. Унинг фикрига кўра, АҚШ-Исроил операцияси тезда тугаб, Brent нархи баррели 65 долларга қайтса, қисқа муддатли нарх ошиши Россия бюджетига кучли таъсир қилмайди. Ўрта сценарийда, етказиб бериш қисман тикланиб, нефт нархи тахминан 80 доллар даражасида барқарорлашса, Россияга “бюджетда айрим енгиллик” беради, бу юқори нархлар қанча муддат сақланишига боғлиқ.

Прогнозларга кўра, Эрон зарбалари сабабли нефт қайта ишлаш заводлари ва қувурлар узоқ муддатга ёпилса, нефт нархи баррели 108 гача кўтарилиши мумкин ва бу инфляцияни тезлаштириб, Европани рецессия чегарасига олиб келиши эҳтимоли бор. “Бу сценарий Россия учун энг катта фойда келтиради”, – деган Прокопенко.

Яқин Шарқдаги можародан Марказий Осиё давлатлари ҳам Ғарб ва Шарқ ўртасидаги транзит мавқесидан унумли фойдаланиб қолиши мумкин. Бунинг устига агар Россияга қўйилган санкциялар бекор қилинмаса, уларни айланиб ўтиш учун МО давлатлари ишга солинади. Натижада уларда ҳам яна бир даромад манбаи пайдо бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳарбий саноат комплекси – қурол-яроғ ва мудофаа буюртмалари ошиши эҳтимоли бор. Зеро, бутун дунёда қуролланиш пойгаси бошланмоқда. Хавфсизликка эса пулни аяб ўтиришмайди.

Қолаверса, “хавфсиз активлар” бозори – олтин ва АҚШ долларига ҳам талаб кучайиши мумкин.

Бироқ бу ютуқлар қисқа муддатли бўлиши мумкин, чунки умумий глобал иқтисодий беқарорлик барчага салбий таъсир қилади. Охир-оқибат бу бутун дунё давлатлари учун зарар келтира бошлайди.

Сиёсий оқибатлар

Минтақадаги можаро, ташқи босим Эрон ичида халқнинг ҳукумат атрофида жипслашувини кучайтиради. АҚШ-Исроил кутган натижанинг тескариси – Оятулло режимининг мустаҳкамланишига гувоҳ бўламиз.

АҚШда ташқи сиёсий қарорлар ички сиёсий ҳисоб-китобларга ва хавотирларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки демократлар ва ҳатто айрим Республикачилар ҳам президент Доналд Трампнинг конгрессдан рухсат олмасдан уруш бошлагани ва ҳозиргача 5 миллиард доллардан зиёд бевосита уруш харажатларига сабаб бўлгани учун қораламоқда. Энг қизиғи, Progress America таҳлил марказининг билдиришича, 5 миллард доллар – фақатгина биринчи олти кун давомидаги ҳарбий операциянинг бошланғич харажатларини ўз ичига олади ва узоқ муддатли харажатларни инобатга олмайди. Қўшинларни тиклаш, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, минтақавий иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий оқибатлар бунга кирмайди.

Айниқса, Эрон дронларига қарши уруш АҚШ учун ҳалокатли бўляпти, деб ёзмоқда New York Times. Маълумки, Американинг Patriot комплекси, ракета ҳимоясида “олтин стандарт” сифатида ҳисобланади. Ҳар бир ракетанинг ҳужуми 3 миллион долларга тушади. Лекин 1 та эронлик дроннинг нархи 50 минг доллардан ошмайди. Айрим дронлар 5 минг доллар туради ҳатто.

Можаро, шунингдек, демократлар обрўсининг ортиши, жорий йил ўртасида ўтказиладиган оралиқ сайловларда демократларнинг конгресс ҳамда вакиллар палатасидаги салмоғи ортишига олиб келади. Демакки, Трамп қарорларини бекор қилиш ва унга импичмент эълон қилиниши эҳтимоли ҳам кучаяди.

Аслида, ҳозирданоқ демократлар орасида импичмент масаласи янада ўткирлашмоқда. Ҳатто Трапмни АҚШ манфаатларига хиёнат қилишда ҳам айблашяпти. Хусусан, АҚШ сенатори Берни Сандерс “Нетаняху Ғазони йўқ қилиш учун миллиардлаб доллар талаб қилди. Унга шунча пул берилди. Нетаняху Эронга қарши урушни истади. Трамп унга рухсат берди” деган ўз интервюсида.

“АҚШ ташқи ва ҳарбий сиёсати фақат америкаликлар томонидан белгилаши керак. Нетаняхуга ўхшаган экстремист ҳукуматлар томонидан эмас”, дея эътироз билдирган сенатор.

Сенатор-демократ Элизабет Уоррен эса “Трамп ҳалигача Эронга қарши урушнинг аниқ сабабини кўрсатмади ва, бундан кўриниб турибдики, уни қандай якунлаш бўйича ҳам унда тайинли режа йўқ”, дея баёнот берди.

Халқаро майдонда бу можаронинг оқибатлари чуқур хавотир билан муҳокама қилинмоқда. Масалан, Испания бош вазири ўз ҳудудидаги АҚШ базаларидан Эронга ҳужум учун фойдаланишга рухсат бермаслигини айтди. Трамп эса бунга жавобан Испания билан иқтисодий алоқаларни тўхтатиш билан таҳдид қилди.

БМТнинг мустақил комиссияси ҳам Исроил ва АҚШнинг зарбалари ташкилот низомига зид эканини тан олди. Европа давлатлари можаронинг халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳсли эканини таъкидламоқда. Шундай бўлса-да, улар Эроннинг Яқин Шарқ давлатларига ракета зарбалари бераётганини қоралаб чиқишди ва керак бўлса, Эронга қарши фронтда урушга қўшилишга тайёрлигини билдирмоқда.

Қолаверса, 4 март куни Сурия осмонида Эрон баллистик ракетаси тутиб олинди. У катта эҳтимол билан АҚШнинг Туркиядаги Инжирлик ҳарбий базаси томон йўналатирилган. Натижада Эрон элчиси Туркия ТИВга чақиртирилиб, у орқали жидий огоҳлантирилган. Президент Эрдўғон мамлакат ўз хавфсизлигини тасодиф измига топшириб қўймаслигини таъкидлаган.Туркия Эрондан учирилган ракета йўқ қилинганидан кейин ҳар қандай душманона ҳаракатларга жавоб беради, деган Туркия етакчиси. Демак, яна бир шундай ҳолат такрорланса, Туркия ҳам Эронга қарши ҳужумларга қўшилиши мумкин. Тўғри, аввалроқ Саудия Арабстони ва БАА ҳам шундай огоҳлантириш берган эди. Аммо Туркия огоҳлантиришларини ерда қолдирмайдиган давлат сифатида танилган. Масалан, 2015 йилда Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти Туркия ҳаво чегарасини Сурия томондан бузиб ўтганида уриб туширилган эди. Гарчи ўшанда Туркия-Россия ҳамкорлиги ўта юқори эди.

Қолаверса, НАТО ҳам Туркияга қилинган ҳужумни ташкилот уставидаги 5-моддани ишга тушириш учун етарли асос деб ҳисобламоқда. Зеро 5-моддага кўра, НАТОга аъзо давлатнинг бирортасига ҳужум бутун НАТОга ҳужум сифатида баҳоланади ва тегишли чоралар кўрилади. Хусусан, “НАТО Эронга қарши коллектив ҳимоя моддасини қўллашга тайёрланмоқда”, дея маълум қилган ташкилот бош котиби Марк Рютте. Демакки, вазият оғирлашса, НАТО ҳам Эронга қарши урушга қўшилиши мумкин.

АҚШ фойда кўрадими ёки зарар?

АҚШ (аниқроғи, Исроил) Эронда тузумни ўзгартира олса ва келишадиган раҳбар қўя олса, катта сиёсий фойда бўлади. Демак, Яқин Шарқ деярли бутунлай АҚШ-Исроил манфаатларига хизмат қилувчи минтақага айланади, унинг ресурслари “бегона” бўлмайди. Қолаверса, Россиянинг Яқин Шарқдаги охирги форпости ҳам йўқ бўлади.

Бироқ бунга эришмаган тақдирда АҚШ томони катта сиёсий фойда олди: шу пайтгача нефтидан келаётган катта пуллардан сармаст бўлиб, “бурни кўтарилиб кетган” араб шайхларининг попуги пасайди, уларнинг пуллари ва қуроллари АҚШ бўлмаса ҳеч нарса қила олмаслигини, аслида ожиз субъектлар эканини кўсратиб қўйди. Демакки, уларнинг АҚШга қарамлиги янада ортади. Вашингтон ҳам нефт нархини савдолашиш ва бошқа музокараларда улар томонидан катта “ёнбосиш” ва чегирмалар берилишига эриша олади.

Иккинчидан, Яқин Шарқдаги нефт ишлаб чиқариш ва сотиш бозорининг беқарорлиги фонида Венесуэла нефти устидан назорат ўрнатган АҚШ катта фойда кўради. Нефт бозорида ва сиёсий манипуляция майдонида монополия ўрнатади.

Можаро Трамп интилаётган буюк мақсадлардан бири – Хитойнинг кучсизланишига сабаб бўлади. Логистика борасида эса Осиё даватлари TRIPP, яъни Трамп йўлидан фойдаланади. Бу йўлакнинг ҳам АҚШ маъмурияти назорати остида эканини унутмаслик лозим.

Қолаверса, Трамп Кавказ ва Марказий Осиё давлатларида ўз мавқеини яхшилаб олгани инобатга олинса, Хитойнинг АҚШга қарамлиги ортиши кутилмоқда.

Бироқ можаро чўзилиб кетса, АҚШ бюджети ва Трамп обрўсига зарари кўпаяди. 10 йил аввал шиа прокси гуруҳлари ва Башар Асадни ағдара олмаган АҚШ энди Эронни ағдаришига ишониш қийин. Чунки Ироқ, Сурия ва Ливияда тузумни ағдаришнинг ягона омили – халқнинг исён кўтариши бўлган эди. Эронда эса халқнинг ярми бош кўтаришдан қўрқади, қолган ярми эса ростан Оятуллорежимини қўллайди.

Можаронинг ривожланиш сценарийлари

Прогнозларга кўра, қисқа муддатда (бир неча ҳафта ичида) нефт ва газ нархларида юқори ўзгарувчанлик сақланади. Ҳарбий эскалация хавфи ҳам йўқолмайди. Чунки охирги маълумотларга кўра, гарчи Трамп буни тан олмаган бўлса-да, АҚШ МРБ Ироқдаги курдларни қуроллантириб, Эрон ҳукуматига қарши курашга кўндирган. Айни пайтда бир неча минг курд жангарилари Эрон чегарасини бузиб ўтиб, позицияларни эгаллаган. Қолаверса, Эрон атрофига қуруқликдаги қўшинларни келтириш жараёни ҳам тезлашди. Демак, қуруқликдаги операция бошланиши мумкин.

Россия, Судан, Яман ва ҳатто Афғонистондаги жангари гуруҳлар Эрон тарафида туриб уришишга тайёрлигини айтган. Демак, уруш Эрон чегарасидан чиқиб митақавий, ҳаттоки дунё миқёсидаги инқирозга айланиб кетиши мумкин.

Ўрта муддатда (1-3 ой)да энергетик таъминотни диверсификация қилишга уринишлар кучаяди. Давлатлар стратегик захиралардан фойдаланиши мумкин.

Узоқ муддат учун мўлжалланган сценарийларга кўра, муқобил транспорт йўлакларига инвестициялар ошади. Айниқса, “ўрта йўлак” – Хитой-Марказий Осиё-Озарбайжон-Туркия-Яқин Шарқ-Европа йўналишининг аҳамияти ортади.

Шунингдек, янгиланувчи энергия манбаларига ўтиш жараёни тезлашиши мумкин. Бундан ташқари, нефт нархи, эскалация чўзилса, янада ошиб кетиши кутиляпти.

Асосий хулоса

Эрон можароси глобал иқтисодиёт учун салбий омил ҳисобланади. Қисқа муддатли фойда айрим энергия ишлаб чиқарувчилар ва ҳарбий саноатга тегишли бўлиши мумкин, аммо умумий ҳисобда энергия импортига қарам давлатлар зарар кўради, инфляция ва иқтисодий беқарорлик кучаяди, жаҳон иқтисодиётида ноаниқлик ортади.

Шу боис, ушбу можаро нафақат минтақавий, балки глобал энергетик ва молиявий хавфсизлик масаласига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid