Хорижий автотранспортларнинг фақат олд ён ойналари туси ўзгартирилганлиги учун йиғим тўланади
Ушбу транспортларни Ўзбекистонга вақтинча киришида (транзит ўтишида) олд, орқа ёки орқа ён ойналари тусини ўзгартирганлик учун йиғим тўлаш бекор қилинади.

Хорижий давлат автотранспортларининг фақат олд ён ойналари туси ўзгартирилганлиги учун йиғим тўланади.
Адлия вазирлиги Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3091-1, 04.03.2026 й.).
Унга кўра, хорижий давлат автотранспортларини Ўзбекистонга вақтинча киришида (транзит ўтишида) олд, орқа ёки орқа ён ойналари тусини ўзгартирганлик учун йиғим тўлаш бекор қилиниб, фақат олд ён ойналарининг туси ўзгартирилганлиги учун йиғим тўланиши белгиланди.
Хорижий фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида йиғимларни божхона постидаги банк кассаларидан ташқари “Э-транзит” автоматлаштирилган ахборот тизимида шакллантириладиган QR-код ёрдамида онлайн тўлаш имконияти яратилди.
