Ўтказма мақсадини кўрсатиш ихтиёрийга ўзгартирилди
Марказий банк мазкур масала юзасидан такомиллаштирилган механизм ишлаб чиқилгандан сўнг алоҳида тартибда маълум қилинишини айтди.

Картадан картага ўтказма мақсадини кўрсатиш ихтиёрийга ўзгартирилди. Бу ҳақда Марказий банк хабарномасида маълум қилинган.
Мижозлар учун рақамли хизматлар қулайлигини ошириш мақсадида, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларда P2P ўтказмаларида операция мақсадини кўрсатиш функциясини ўз ички сиёсатлари ва техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ихтиёрий тартибда, яъни янги параметрлар билан кенгайтириб ёки таклиф этилганларини камайтириб жорий этишлари мумкин.
Мазкур масала юзасидан такомиллаштирилган механизм ишлаб чиқилгандан сўнг қўшимча равишда алоҳида тартибда маълум қилинади, дейилади хабарда.
Аввалроқ Марказий банкнинг янги талаби хуфиёна иқтисодиётга йўл очиши мумкинлиги таҳлил қилинганди. Жамоатчилик ва айрим иқтисодчилар бу қарор ортида солиққа тортиш ва назоратни кучайтириш бўйича мақсадлар ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
