Кўп квартирали уйлар қурилиши учун ер ажратиш ва рухсат бериш жараёнлари вақти қисқартирилади
Айрим ер участкаларида кўп квартирали уйларни комплекс қурилиш механизмлари асосида барпо этиш бўйича “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими эксперимент тарзида жорий этилади.

Тошкентда аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ва уй-жой қурилиши соҳасидаги янги чора-тадбирлар ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ташкил этилди. Унда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идораларнинг вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва қурилиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, 2026 йил 24 феврал куни “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–29-сон) қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатга кўра, ислоҳотларнинг асосий мақсадлари:
- уй-жой қурилишини рағбатлантириш ҳамда фуқароларнинг уй-жойга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш,
-кўп квартирали уйлар бозорида талабга мос равишда таклиф ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, ер ажратиш ва рухсат бериш жараёнларини ўз ичига олган инвестиция-қурилиш даври муддатини 1,5 бараваргача қисқартиришдан иборат.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудларни танлаш мезонларига жавоб берадиган лойиҳаларга ушбу мақом берилади. Бу эса уларга амалдаги тартиб-таомиллар ва молиялаштириш манбаларини қўллаш имконини яратади.
“Янги Ўзбекистон” массивларида йўл-транспорт инфратузилмасини лойиҳалашда қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия тежовчи ускуналар ҳамда муқобил иссиқлик тизимларидан кенг фойдаланиш режалаштирилган. Бу эса замонавий ва “яшил” шаҳар муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, соҳада шаффофликни таъминлаш ва қурилиш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида “Кўп квартирали турар жой мажмуаларини қуришда комплекс қурилиш механизмларини жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–73-сон, 2026 йил 24 феврал) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан 2028 йил 1 мартга қадар айрим ер участкаларида кўп квартирали уйларни комплекс қурилиш механизмлари асосида барпо этиш бўйича “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими эксперимент тарзида жорий этилади.
Шу билан бирга, комплекс қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун Президент фармонига мувофиқ ташкил этилган инвестиция компаниялари масъул ташкилот сифатида фаолият юритади.
Уларнинг асосий йўналишларидан бири ҳудудларда яшил ҳудудларни — боғлар, экопарклар ва хиёбонларни барпо этишдан иборат. Бу мақсадлар учун давлат мулки объектлари ва ер участкаларини сотишдан маҳаллий бюджетларга тушадиган маблағларнинг 10 фоизи, шунингдек, маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг камида 5 фоизи йўналтирилиши белгиланган.
Тошкент шаҳрида ҳам яшил ҳудудларни кенгайтириш, шунингдек, ҳар бир туманда биттадан экобоғ ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, қурилиш соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш ҳам назарда тутилган. Хусусан, 2027 йил 1 январдан бошлаб кўп квартирали уйларда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун “Шаффоф қурилиш” тизимида бериладиган рухсатнома “Uy-joy” ягона рақамли урбанизация платформасида идоралараро интеграция асосида автоматик тарзда шакллантирилади.
