Қарши ва Бухорода бозор раҳбарлари ушланди
Қаршида бозор раҳбари савдо дўконини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 80 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Қарши ва Бухоро шаҳарларида бозор раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилди. Унда деҳқон бозорларининг мансабдор шахслари аукцион орқали сотилиши керак бўлган савдо нуқталарини шахсий моддий манфаатдорлик эвазига, фуқароларга ноқонуний равишда сотиш билан шуғулланиб келаётганлик ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Қарши шаҳрида фаолият юритувчи деҳқон бозори раиси ва назоратчиси ўзаро тил бириктириб, бозор ҳудудида янги қурилган, 110 м2 майдондаги савдо дўконини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 80 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда эса Бухоро шаҳридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи сотиладиган бозор раҳбари ва иш юритувчиси ўзаро тил бириктириб, бозор ҳудудида енгил конструкцияли савдо дўкони қуриб, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун 120 м2 ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 11 минг АҚШ доллари олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
