Бир пайтлар катта ресурс сарфлаб қурилган дўконлар энди бузилади
Тошкент шаҳар ҳокимлиги автобус бекатлари дўконлардан холи масканга айланиши ҳақида ваъда бермоқда.

Тошкентдаги автобус бекатларида қурилган барча дўконлар кўчирилади. Пойтахт ҳокимлигига кўра, бекатларда энди дўкон бўлмайди.
Ҳокимият жамоат транспорти йўналишларидаги бекатлар ўрнида халқ тилида “тижорат дўконлари” деб аталадиган 110 та савдо объекти жойлашганини аниқлаган. Уларнинг 61 таси бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилиши айтилган.
Шаҳар маъмурияти қарорига асосан барча бекатлар янгиланади, рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга савдо нуқталарини бошқа жойга кўчириш орқали компенсация бериш механизми назарда тутилган.
Эслатиб ўтиш керак, бир неча йил олдин бекатларда мазкур турдаги савдо дўконларини қуриш оммалашиб кетганди.
