Умра сафарлари вақтинча кечиктирилди
Яқин Шарқда юзага келган вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли қатор авиақатновлар бекор қилинди.

Мусулмонлар идораси умра сафарини вақтинча кечиктириш ҳақида хабарнома эълон қилди.
Айтилишича, Яқин Шарқ минтақасида юзага келган вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли қатор авиақатновлар бекор қилинмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан фуқароларга ушбу ҳудуддаги давлатларга сафар уюштирмаслик, айни пайтда, ўша ерларда бўлиб турган ватандошларимизга эса эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилмоқда.
Мазкур вазиятни инобатга олган ҳолда, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари вақтинча кечиктирилади.
Жумладан, 2026 йил 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан режалаштирилган Тошкент–Жидда йўналишидаги навбатдаги умра зиёратчилари рейси ҳам маълум муддатга қолдирилишини маълум қилинган.
Авиақатновлар қайта тикланиши ҳақида расмий манбалар орқали қўшимча ахборот берилади.
