Тошкентда 10-синф ўқувчиси уриб юборган инспектор вафот этди
Ходим ҳаёти учун хавфли жароҳатлар олиб, уч кун давомида шифокорлар назоратида қолаётганди.

Тошкентда 10-синф ўқувчиси уриб юборган ЙПХ инспектори оламдан ўтди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг 25 феврал куни соат 21:48ларда Тошкент шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори кичик сержант Хосилбек Эшназаров 10 синф ўқувчиси бўлган вояга етмаган ҳайдовчи бошқарувидаги "BMW" русумли автомашина уриб юборилган.
Оқибатда ҳаёти учун оғир тан жароҳатларини олиб 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган ички ишлар органлари ходими кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди.
Кичик сержант Хосилбек Эшназаров 2022 йилдан ички ишлар органларида хизмат қилган. Унинг ортидан ота-онаси, аёли, 2 нафар ўғил ва 1 нафар қиз фарзандлари қолди.
Эслатиб ўтамиз, ўқувчи BMW M4 русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда бошқарган.
