Қоидабузарлик учун жарима хатларини етказиб бериш тўхтатилади
Қарорларнинг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган материаллар синов тариқасида тўрт хил усулда юборилади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун расмийлаштирилган маъмурий баённомаларни (жарима хатларини) етказиб бериш хизмати тўхтатилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Айтилишича, “Хавфсиз шаҳар“ концепциясини амалга ошириш доирасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнларини рақамлаштириш, шу жумладан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарима солиш тўғрисидаги қарорларни етказишда инсон омилини камайтириш, ишончлилигини ошириш ҳамда аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсад қилинган.
Шунга кўра қарорларнинг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган материаллар синов тариқасида қуйидаги манбалар орқали юборилиши йўлга қўйилган:
- давлат хизматлари портали: — my.gov.uz (MyGov мобил иловаси)
- SafeRoad мобил иловаси
- Road24 мобил иловаси
- Ягона интерактив давлат хизматлари мобил иловаси (МИБ)
- Hamroh мобил иловаси Қарор расмийлаштирилиши билан 6079 рақамидан СМС-хабарнома юборилади.
Агар СМС-хабарнома келмаса, my.gov.uz порталига кириб, телефон рақамингизни рўйхатдан ўтказишингиз лозим — шундан сўнг барча хабарномалар автоматик равишда юборилади.
Мазкур рақамли хизматлардан фойдаланиш вақти чекланмаган, қўшимча рўйхатдан ўтиш ёки ҳужжат тақдим этиш талаб этилмайди, қарор расмийлаштирилиши билан бир вақтда барча материаллар билан танишиш ҳамда қонунчиликда белгиланган муддатларда жаримани тўлаш имконияти мавжуд.
