platina.uz
Жамият

Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви қамрови 67,5 фоизга етди

Мазкур кўрсаткич саккиз-тўққиз йил олдин 47 фоиз эди. Президент вилоятни сув билан таъминлашга қаратилган 287 млн долларлик мегалойиҳа билан танишди. 

Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви қамрови 67,5 фоизга етди

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасининг амалий натижалари билан танишди.

Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ушбу 287 миллион долларлик мегалойиҳа ҳам соҳада эришилаётган натижалардан бири саналади.

Мазкур ташаббус доирасида ўтган йиллар давомида катта ҳажмдаги қурилиш, монтаж ишлари амалга оширилди. Замонавий механизмларнинг йўлга қўйилиши натижасида бугун минералларга бой ичимлик суви вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига узлуксиз етказиб бериляпти.

Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви билан қамров саккиз-тўққиз йил олдин 47 фоиз эди. Бугун ушбу рақам 67,5 фоизгача ошишига эришилди. Натижада аҳолининг сув таъминотидаги ҳолати нафақат миқдор, балки сифат жиҳатдан ҳам сезиларли яхшиланди.

Президент бу каби йирик энергетик, технологик ва ижтимоий самарадор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳар жиҳатдан зарурлигини таъкидлади. Бундай тажрибаларни келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш мумкинлигига эътибор қаратди.

Техник жиҳатдан лойиҳанинг катта ютуғи 246 километр магистрал ва ички тармоқнинг барпо этилиши бўлди. Муҳими, гидравлик ҳисоблар асосида босимни насоссиз узатиш имконияти яратилди. Бу нафақат энергия сарфини кескин камайтирди, балки тизимнинг барқарорлигини таъминлайди. Айнан шу инновацион ёндашув туфайли Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ каби туман марказларига сув электр энергия сарфисиз етказиб бериляпти.

Мазкур ташаббус ортидан бугунги кунда 223 та маҳаллада обиҳаёт таъминоти мустаҳкамланди. Сувнинг қаттиқлик даражаси эса икки бараваргача камайтирилди. Сифатнинг ортиши аҳоли саломатлиги ва маиший жиҳозлар хизмат муддати узайишида муҳим омил ҳисобланади.

“Шимолий” сув ишлаб чиқариш иншоотида ташкил этилган Геоахборот маркази эса тизимнинг реал вақтда назорат қилинишига шароит яратди. Босим пастлаши, авария ҳолатлари, сув йўқотиш каби масалаларни бир неча дақиқада аниқлаш имконияти туғилди.

Сув таъминоти яхшилангани сабабли ҳудудлардаги юздан ортиқ ер ости сув қудуқларидан фойдаланишга эҳтиёж қолмади. Бу экологик юкни камайтиради.

Шунингдек, лойиҳа натижасида йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси тежаб қолинади. Бу маблағ ва ресурс жиҳатидан 18,5 миллиард сўм иқтисод қилинишини англатади. Истеъмолчиларнинг биллинг тизимига уланиши эса сувни ҳисоблашда шаффофликни оширди, қарздорликни камайтирди.

Яна бир муҳим жиҳати, бу ердаги 10 гектар майдонда 6418 киловатт-соат қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоятнинг гидроэнергия кўрсаткичлари ҳамда соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Вилоятда ҳали ечилмаган сув таъминоти масалаларини тезкор ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, эски насос агрегатларини энергия тежамкор технологияларга алмаштириш, тармоқларни модернизация қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid