"Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш" жамғармаси ташкил қилинади
Ушбу жамғармага ҳар йили бюджетдан 20 миллиард сўмдан маблағ берилади. Бунга қўшимча вилоят ҳокимлари ҳам маҳаллий бюджетдан 3 миллиард сўмдан ажратади. Ўз бизнесини йўлга қўйиб, яхши натижа кўрсатаётган ёшлар фаолиятини кенгайтириш учун 300 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.

Бугун дунё аҳолисининг 10 фоиздан ортиғи волонтёрлик билан шуғулланмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятининг ҳуқуқий асосини яратилгани, Волонтёрлар мактаби, олийгоҳларда марказлар ташкил қилинганининг ҳисобига бизда ҳам бундай ёшлар 5 карра кўпайди.
Экология, тиббий хизмат, таълим, фавқулодда вазиятларда кўмаклашиш йўналишидаги волонтёрларнинг сони 100 мингдан ошди.
Мана шундай ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик ва идоралар раҳбарлари, фаол кўнгилли ёшлардан иборат Волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича Васийлик кенгашини ташкил қилиш таклиф этилди.
Ёшлар ишлари агентлигида “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил қилинади. Ушбу жамғармага ҳар йили буджетдан 20 миллиард сўмдан маблағ берилади. Бунга қўшимча вилоят ҳокимлари ҳам маҳаллий буджетдан 3 миллиард сўмдан ажратади.
Мазкур маблағлар ҳисобидан ёшларнинг волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант берилади. Кўнгилли ёшларга “ижтимоий фаоллик картаси” очилиб, экология, ижтимоий ҳимоя, тиббиёт, таълим, жамоат хавфсизлиги каби йўналишлардаги иштирокига қараб, балл бериб борилади.
