Фарғонада 60 нафардан ошиқ бола овқатдан заҳарланди
Боғча тарбияланувчилари тана ҳароратини кўтарилиши, қоринда оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши билан шифохонага ётқизилди. Ҳозирда уларнинг ҳолати барқарор.

Фарғонада 60 нафардан ошиқ боғча тарбияланувчиси овқатдан заҳарлангани айтилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, жорий йилнинг 21 феврал куни Фарғона вилояти Юқумли касалликлар шифохонасига Фарғона шаҳридаги 2-, 58- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 62 нафар тарбияланувчисида юзага келган тана ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат бўйича мурожаат қилинган.
Айрим ота-оналар овқатдан заҳарланиш вариантини илгари сурган. Тарбияланувчилар тана ҳароратини кўтарилиши, қоринда оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари билан мурожаат қилган.
Ҳозирда шифохонада бўлиб турган барча бемор болаларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда.
Уларнинг саломатлиги билан боғлиқ ўзгаришлар тиббиёт ходимлари томонидан чуқур таҳлил асосида ўрганилмоқда.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан мазкур ҳолат бўйича атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича маълумот берилади.
