platina.uz
Жамият

Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди

У 9 гектар ерни полиз экинлари экиш учун ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган. Чустда эса ҳоким ёрдамчиси 10 минг доллар билан ушланди. 

Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди

Сурхондарёда ҳоким ўринбосари ва Наманганда ҳоким ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, ҳокимлик захирасида бўлган 9 гектар ер майдонини Шеробод туманида яшовчи фуқарога полиз экинлари экиш учун 4 ой муддатга ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилиб, жорий йилнинг январ ойида 30 млн сўм олади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у қолган 60 млн сўмни Термиз шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманган вилояти Чуст туман ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси 2022 йилда “Садача” кичик саноат зонаси ҳудудидан ўзининг қариндошига тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида ажратиб берилган 43 сотих ер майдонининг 20 сотих қисмини ҳокимиятдаги танишлари орқали 1982 й.т. фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Аммо, ҳоким ёрдамчиси олдиндан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid