platina.uz
Жаҳон

Саксондан ошиқ давлат Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб чиқди

Қўшма баёнот Исроилнинг Ғарбий Соҳилда 1967 йилдан бери эгаллаб олинган ерларни рўйхатдан ўтказишни бошлаш қароридан сўнг эълон қилинди. Бу ҳаракат аннекция дея баҳоланган. 

Саксондан ошиқ давлат Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб чиқди

БМТга аъзо 80 дан ортиқ давлат Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги ҳаракатларини қоралади.

Босиб олинган Ғарбий Соҳилда ерларни рўйхатдан ўтказиш режаси ортидан ўнлаб давлатлар Исроил сиёсатини халқаро ҳуқуққа зид деб баҳолаб, аннекция уринишларидан огоҳлантирди.

“Бундай қарорлар Исроилнинг халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларига зид бўлиб, зудлик билан бекор қилиниши керак. Шу муносабат билан биз ҳар қандай аннекция шаклига қатъий қарши эканимизни таъкидлаймиз”, — деди Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёд Мансур.

“1967 йилдан буён босиб олинган Фаластин ҳудудларининг, жумладан Шарқий Қуддуснинг демографик таркиби, табиати ва мақомини ўзгартиришга қаратилган барча чораларни рад этишимизни яна бир бор билдираман”, — деди у.

Унинг айтишича, “бундай чоралар халқаро ҳуқуқни бузади, минтақада тинчлик ва барқарорликка қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказади, Комплекс режага зид келади ҳамда можарони якунловчи тинчлик келишувига эришиш имкониятини хавф остига қўяди".

Ғазо можаросини тугатиш бўйича Комплекс режа — бу 2024 йил ноябр ойида Исроил ва ҲАМАС ўртасида урушни тўхтатиш мақсадида эришилган келишувдир.

17 февралда эълон қилинган қўшма баёнотни Австралия, Канада, Хитой, Франция, Покистон, Россия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Европа Иттифоқи, Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти имзолаган.

Қўшма баёнот Исроилнинг Ғарбий Соҳилнинг C ҳудудида 1967 йилдан бери илк бор ерларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини бошлаш қароридан сўнг эълон қилинди. Исроил айнан шу йилда Фаластин ҳудудларини босиб олган эди.

Ноқонуний манзилгоҳларни кузатувчи "Peace Now" ташкилоти маълумотига кўра, C ҳудуди Ғарбий Соҳил ерларининг қарийб 60 фоизини ташкил этади.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳафта бошида Исроилнинг ерларни рўйхатдан ўтказиш режаси фаластинликларни мулкидан маҳрум этиш хавфини кучайтириши ҳамда ҳудудда Исроил назоратининг кенгайишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Халқаро суд маълумотига кўра, босиб олинган Ғарбий Соҳилда тахминан 465 минг нафар исроиллик кўчманчи яшайди. Улар халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ҳисобланган қарийб 300 та манзилгоҳ ва посёлкага жойлашган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid