platina.uz
Иқтисод

Кўчмас мулк бозорида савдолар 12 фоизга ошди

Тошкент шаҳри умумий бозор ҳажмининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этди ҳамда ҳудудлар орасида энг юқори ўсишни қайд этди. 

Кўчмас мулк бозорида савдолар 12 фоизга ошди

Ўзбекистонда январ ойида кўчмас мулк савдолари 12 фоизга ошди, пойтахт бозорида фаоллик кучайди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳига кўра, 2026 йил январ ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди.

Тошкент шаҳри умумий бозор ҳажмининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этди ҳамда ҳудудлар орасида энг юқори ўсишни қайд этди, савдолар йиллик ҳисобда 33,4 фоизга ошди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида (26 фоиз) ва Сирдарё вилоятида (24 фоиз) ҳам сезиларли ўсиш кузатилди.

Ҳисобот даврида 28 600 та кўчмас мулк олди-сотди битими рўйхатдан ўтказилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 фоизга кўпдир.

Мамлакат бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўсиши мўтадил даражада сақланиб қолди. Бир квадрат метр учун ўртача нарх ойма-ой 0,9 фоизга ошган бўлса, йиллик ўсиш 8 фоизни ташкил этди.

Иккиламчи бозорда энг юқори йиллик нарх ўсиши Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида қайд этилди. Бу ҳудудларда уй-жой нархлари йил давомида қарийб 24 фоизга ошди. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида эса нархлар 16 фоизга кўтарилди.

Тошкент шаҳрида январ ойида иккиламчи бозорда бир квадрат метр учун ўртача нарх қарийб 1 120 долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 0,6 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса қарийб 2 фоизга юқори. Иккиламчи уй-жой нархларининг энг катта йиллик ўсиши Яккасарой (5,7 фоиз) ва Миробод (4,3 фоиз) туманларида кузатилди.

Шу билан бирга, пойтахтдаги бирламчи уй-жой бозори янада сезиларли ўсишни намойиш этди. 2025 йил январига нисбатан янги қурилган уй-жойларда бир квадрат метр учун ўртача нарх 9 фоиздан ортиқ ошди. Энг юқори йиллик ўсиш Миробод (18,4 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (17,3 фоиз) туманларида қайд этилди.

Тошкентдаги ижара бозори ҳам ўсиш кўрсатди. Январ ойида ўртача ижара ставкаси бир квадрат метр учун қарийб 8,8 долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 9 фоизга юқори.

Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек каби марказий туманларда сақланиб қолмоқда.
Бу ҳудудларда ўртача нарх бир квадрат метр учун қарийб 11 долларни ташкил этади.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилишини кенгайтириш ва урбанизацияни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифларни кўриб чиққан эди. Режаларга кўра, 2040 йилга бориб йилига 280 мингта хонадон фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

2025 йилда Ўзбекистонда 15,9 миллион квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,8 фоизга юқори бўлиб, энг катта ҳажмлар Тошкент вилояти, Хоразм ва Фарғона вилоятларида қайд этилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid