АҚШ Хитойни яширин ядро синови ўтказишда айблаб чиқди
2020 йилда Қозоғистондаги масофавий сейсмик станция қайд этган 2,75 магнитудали зилзила Хитойнинг Лоп Нур полигонида ўтказилган эҳтимолий ядро синови билан боғлиқ бўлиши мумкин.

АҚШ Хитойни 2020 йилда яширин ядро синови ўтказишда айблади.
АҚШ ҳукуматига кўра 2020 йил 22 июн куни Қозоғистондаги масофавий сейсмик станция қайд этган 2,75 магнитудали зилзила Хитойнинг Лоп Нур полигонида ўтказилган эҳтимолий ядро синови билан боғлиқ бўлиши мумкин.
АҚШ ҳукумати 2020 йилда Хитой томонидан ўтказилган, дея даъво қилинаётган ноқонуний ядро синови юзасидан янги разведка маълумотларини эълон қилди.
Ўша йилнинг 22 июн куни Қозоғистондаги масофавий сейсмик станция кичик зилзилани қайд этган. АҚШ Давлат департаментининг қуролларни назорат қилиш ва тарқатмаслик масалалари бўйича ёрдамчи котиби Кристофер Йиу маълумотига кўра, магнитудаси атиги 2,75 бўлган ушбу ҳодиса Хитойнинг асосий ядро синов майдони — Лоп Нур ҳудудидан тахминан 725 км узоқликда юз берган.
“Бу ҳодиса жуда катта эҳтимол билан портлаш оқибатида содир бўлган,” деди Йиу 17 февраль куни Вашингтондаги консерватив таҳлил маркази — Ҳадсон институтида ўтказилган тадбирда. “Бу ядро портлаши синовидан кутиладиган кўрсаткичларга тўла мос келади.”
Бироқ мустақил экспертлар бу баҳога дарҳол қўшилмади. Норвегиядаги NORCAP ташкилотининг сейсмология ва верификация бўлими раҳбари Бен Дандога кўра, турли сейсмик тўлқинлар нисбати портлашга мос келади. Аммо сигнал заиф бўлган ва фақат битта станция томонидан қайд этилган. Шу сабабли у ҳодиса табиий келиб чиқишга эга бўлиши ҳам мумкинлигини айтди.
“Мен буни қатъий ва якуний далил деб айтолмайман,” деди Дандо NPR нашрига берган интервьюсида. “Ҳозирча ядро синови бўлганини ҳам тасдиқлай олмаймиз, инкор ҳам қила олмаймиз” дея қўшимча қилди у.
Хитой элчихонаси NPRʼнинг сўровига жавоб бермади, бироқ Пекин расмийлари айбловларни қатъиян рад этди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Цзян ўтган ҳафтадаги брифингда “АҚШнинг Хитой ядро синови ўтказгани ҳақидаги айбловлари мутлақо асоссиз” эканини билдириб, Вашингтонни ўзининг ядро синовларини қайта бошлаш учун баҳона тўқишда айблади.
Синовлар ва мораторий
Дунёнинг йирик ядро давлатлари ўнлаб йиллардан бери қурол синовларини ўтказмаган. АҚШ охирги ядро синовини 1992 йилда, Хитой эса 1996 йилда амалга оширган. Ҳар икки давлат Ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш шартномасини имзолаган бўлса-да, уни расман ратификация қилмаган ва ҳужжат ҳали кучга кирмаган.
Давлатлар синов ўтказмаслик мажбуриятига ихтиёрий равишда амал қилмоқда. Бироқ бу ядро қуроллари устидаги ишлар тўхтаганини англатмайди. АҚШда суперкомпютер симулятсиялари ва турли реал тажрибалар орқали қуролларнинг техник ҳолати текшириб турилади. Баъзи тажрибалар илгари ядро синовлари ўтказилган ерости туннельларида амалга оширилади.
Хитой Лоп Нур полигонида фаолиятни кенгайтирган. Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси эксперти Чжао Тунънинг айтишича, сўнгги йилларда сунъий йўлдош тасвирлари ускуналар майдони ва ходимлар учун иншоотлар кенгайтирилганини, камида битта янги туннель қазилганини кўрсатади.
“Хитой синов майдонидаги миссияларни сақлаб қолиш, ҳатто кенгайтиришга жиддий сармоя киритаётганга ўхшайди,” деди у.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас ДиНанно яқинда Женевада сўзлаган нутқида Вашингтон Хитой мораторий чегарасини бузаётганига ва юзлаб тонна қувватга эга синовларга тайёргарлик кўраётганига ишонишини айтди.
Чжао Тун АҚШнинг даъволарини жиддий қабул қилишини айтди: “Бу эҳтимол АҚШнинг махфий разведка таҳлиллари билан тасдиқлангандир ва Хитойнинг Лоп Нур ядро синов полигонида кўп йиллардан бери кузатилаётган юқори фаолликка мос келади”, деди у.
