platina.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев Карим Эгамқулов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Карим Эгамқулов қишлоқ ва сув хўжалиги таълимини ва амалиётини ривожлантириш борасида тажриба яратган. У ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 20 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи сифатида танилди.

Шавкат Мирзиёев Карим Эгамқулов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, олий таълим аълочиси Карим Эгамқулов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди.

Карим Эгамқулов шу йил 14 феврал куни 87 ёшида вафот этди.

У 1939 йил 5 майда Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида туғилди. 1964 йилда Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети)ни тугатиб, шу даргоҳда катта лаборант бўлиб иш бошлади. Сўнгра ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1969–1972 йилларда Сирдарё вилояти “Билим” жамияти масъул котиби сифатида ишлаган.

1972–1975 йилларда Сирдарё давлат педагогика институти проректори вазифасида самарали фаолият юритиб, ўзининг етакчилик салоҳиятини, ташкилотчилик ва ташаббускорлик фазилатларини намоён этди.

1975–1987 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг Янгиер филиали директори лавозимида хизмат қилди.

Карим Эгамқулов илмни амалиёт билан боғлаб, хусусан, қишлоқ ва сув хўжалиги таълимини ва амалиётини ривожлантириш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратди.

Ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 20 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи сифатида танилди.

Тажрибали ва илғор педагог Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг малака ошириш факультети декани, тупроқшунослик кафедраси мудири, Сирдарё вилояти ҳисобчиларни қайта тайёрлаш ўқув маркази директори вазифаларида ҳам самарали меҳнат қилиб, республикамиз ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларни замонавий илм-фан ютуқлари билан таништириш ишларини самарали ташкил этди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid