Андижонда трансмиллий жиноий уюшма аниқланди
Улар Бўстон туманида 9,5 кг гашиш моддаси билан ушланган.

Андижонда тезкор-қидирув тадбири натижасида трансмиллий жиноий уюшма аъзоларининг катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандасига чек қўйилди.
ДХХ, ИИВ ва божхона қўмитаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Унда Қирғиз Республикасидан Ўзбекистонга контрабанда қилинган катта миқдордаги наркотик моддалар аниқланди.
Маълум бўлишича, Бўстон туманидаги локацияга 9 кг 447 гр гашиш моддаси қўйиб кетилган. Ушбу иш юзасидан эса бир неча киши қўлга олинган.
Улар мазкур гашиш моддасини Ўзбекистон бўйлаб тарқатиши керак бўлган.
Ҳозирда мазкур иш юзасидан гумонланувчиларда ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми бўйича иш очилган. Ушбу модда бўйича 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
