platina.uz
Иқтисод

“Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади

У инвестиция дастурига кирган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил мониторинг қилади. Инвестиция дастури доирасида қиймати 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳа алоҳида назоратга олинади. 

“Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади

Умуман, инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича янги тизимга ўтилиши белгиланди.

Фақат инвестиция олиб келиб, лойиҳани ишга тушириш етарли бўлмаслиги, балки ҳар бир лойиҳа тўлиқ ишлаши, юқори қўшилган қиймат яратиб, ташқи бозорга чиқишига, иш ўринларини тўлиқ сақлаб қолишига ҳам эътибор қаратилади.

Бунинг учун дастурга кирган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил мониторинг қиладиган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади.

Ўтган йили техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш, ускуна олиб келиш, молиялаш, инфратузилма, ер масаласи вақтида ҳал бўлмагани учун 55 та йирик лойиҳа кечиккан.

Шу боис, бу йилги инвестиция дастури доирасида қиймати 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳа алоҳида назоратга олинади.

Ўтган йили хорижий ташрифлар доирасида 135 миллиард долларлик келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида Туркия билан 9 миллиард, Покистон билан 1 миллиард 428 миллион долларлик инвестиция битимлари имзоланди.

Вазирлар, тармоқ раҳбарлари ёки ҳокимлар ушбу лойиҳаларнинг пайсалга солинишига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Инвестиция кўпайгани ҳисобига қурилиш ҳам ошади. Мутасаддиларга бу йилги қурилиш ҳажмини 400 триллион сўмга олиб чиқиб, соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш топширилди.

Жорий йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун буджетдан 40 триллион сўм берилмоқда. Бу қурилиш, қурилиш материали, металлургия ва электротехника корхоналари учун катта бозор.

Лекин ҳудудлардаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари қурилиш сифати ва самарадорлигини назорат қилишга улгурмаяпти. Шу боис, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий секторни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid