Ўзбекистон бўйлаб гиёҳвандликка қарши тезкор тадбирлар ўтказилди
Яшнободлик фуқаро ўз яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилган бўлиб, унинг уйидан тахминий оғирлиги 5,3 кг бўлган наркотик моддалар топилган.

Гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.
Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Хўжаобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1991 й.т., муқаддам судланган шахсга тегишли “BYD” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, унинг салон қисмида 6 дона полиэтилен ўрамларда бўлган, жами 5 кг 946 гр “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, у ушбу ажал оғусини наркокуръерлар томонидан “закладка” тарзида қолдирилган жойдан олиб, Тошкент шаҳрига кетаётган бўлган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан пойтахтимизда ўтказилган тезкор тадбирда эса, хориждан куръерлик жўнатмаси орқали қандолат маҳсулотлари орасига яширган ҳолда юборилган 350 гр “Клефедрон” синтетик наркотик моддасини қабул қилиб олган вақтида Чилонзор туманида яшовчи, 2006 й.т. шахс ушланди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги бўлган – Яшнобод туманида яшовчи, 1991 й.т. шахс ҳам жиноят устида қўлга олинди.
Аниқланишича, мазкур фуқаро ўзининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилган бўлиб, ундан тахминий оғирлиги 5,3 кг бўлган синтетик гиёҳванд моддалар, гашиш ва марихуана мойларига ўхшаш моддалар, электрон тарозилар, колба идишлар, уяли алоқа воситалари ва лабораторияда фойдаланиладиган мосламалар ашёвий далил сифатида олинди.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи, 1981 й.т., муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан Андижон вилоятига ноқонуний олиб ўтилган 1 кг 23 гр “героин” моддасини шартли харидорга 18500 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди.
Сирдарё вилоятида қайд этилган ҳолатда, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1993, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 3 нафар шахс кетаётган “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Сайхунобод туманидаги “Сайхун” ЙПХ масканида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, автомашинанинг эшик қисмидаги хуфиёна жойга 2516 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яширилганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, улар ушбу дори воситаларини муқаддам куръерлар томонидан Қўқон шаҳридаги “закладка” тарзида қолдирилган жойдан олишган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
