“Тинчлик кенгаши” амалий ишга ўтмоқчи
Мазкур янги тузилма Ўзбекистон учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан янги эшикларни очиши мумкин.

Оқ уй 19 феврал куни Ғазо сектори бўйича “Тинчлик кенгаши” етакчилари иштирокида учрашув ўтказишни режалаштирмоқда, деб ёзди Axios нашри манбаларга таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, АҚШ маъмурияти ушбу учрашувдан Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувнинг иккинчи босқичини илгари суриш, шунингдек, минтақани тиклаш учун маблағ йиғиш мақсадида фойдаланмоқчи. Саммит “Тинчлик кенгаши”нинг илк расмий йиғилиши бўлиши билан бирга, халқаро донорлар конференцияси вазифасини ҳам ўтайди.
Тадбирга тайёргарлик ҳозирча бошланғич босқичда бўлиб, унинг параметрлари ўзгариши мумкин. Манбаларга кўра, АҚШ маъмурияти ўнлаб давлатлар билан уларнинг етакчилари иштирокини мувофиқлаштириш ва ташкилий масалаларни муҳокама қилиш бўйича маслаҳатлашувларни бошлаб юборган. Учрашувни аввал Трамп номи билан қайта аталган “Тинчлик институти”да ўтказиш режалаштирилмоқда.
Исроил расмийларининг хабар беришича, бош вазир Бинямин Нетаняху 18 февраль куни – “Тинчлик кенгаши” йиғилиши кутилган санадан бир кун олдин – Оқ уйда Трамп билан учрашиш ниятида. Бош вазир Исроилнинг кенгаш ишида иштирок этишига розилик билдирган. Агар Нетаняху иштирок этса, “Тинчлик кенгаши” йиғилиши унинг 2023 йил 7 октябрдан бери араб ва мусулмон давлатлари етакчилари иштирокидаги илк очиқ оммавий тадбири бўлади.
Италия ҳам қўшилиши мумкин
Италия АҚШ президенти Доналд Трамп раислигида Ғазо секторида тинчликни тартибга солиш доирасида ташкил этилган “Тинчлик кенгаши”га кузатувчи сифатида қўшилиши мумкин, деб ёзади Corriere della Sera газетаси. Бу масала мамлакат бош вазири Жоржа Мелонининг АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс билан Миланда, Қишки олимпия ўйинларининг очилиш маросими арафасида бўлиб ўтган музокараларида муҳокама қилинган.
Аввалроқ Италия раҳбарияти Рим мазкур кенгашга унинг устави Италия Конституцияси нормаларига мос келмаслиги сабабли тўлақонли аъзо сифатида кира олмаслигини маълум қилган ва ҳатто “орган конфигурацияси”га ўзгартириш киритишга умид билдирган эди. Хусусан, “кузатувчи” функциясини жорий этиш таклиф қилинмоқда, бироқ бу мақом билан боғлиқ аниқ мажбуриятлар ҳозирча белгиланмаган.
Қайд этилишича, Италия бош вазири матбуот хизмати тарқатган коммюникеда Украина ва Яқин Шарқ мавзулари муҳокама қилингани ҳақида сўз юритилмаган. Фақат “Эрон ва Венесуэладаги сўнгги воқеаларга алоҳида эътибор қаратилгани” таъкидланган. Шу билан бирга, АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам кирган Америка делегацияси Оқ уйнинг Эрон бўйича режалари ҳақида маълумот бермаган, чунки “вазият доимий равишда ўзгариб турибди”, деб ёзади нашр.
“Тинчлик кенгаши” самарали ташкилотми?
Жорий йилнинг 22 январ куни АҚШ президенти Доналд Трамп шу кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган ташаббусни – “Тинчлик кенгаши” низомини тақдим этди ва у имзоланди.
Ушбу органнинг эълон қилинган мақсадлари эзгу: Ғазо секторида қайта қуриш ва тинчлик ўрнатиш, ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиш ва барқарор ривожланиш учун пойдевор яратишдир. Бироқ бу шунчаки гуманитар лойиҳа эмаслиги тезда маълум бўлди – у бутун дунё бўйлаб можароларга таъсир кўрсатишга қодир янги халқаро платформа яратишга уриниш сифатида баҳоланмоқда.
“Тинчлик кенгаши” низомини имзолаш маросимида йигирмага яқин мамлакат вакиллари иштирок этди. Делегатлар орасида Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Аргентина, Парагвай, Венгрия, Арманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон вакиллари бор эди. Трамп Россия, Беларус ва Украина каби 60 тагача давлатни ҳамкорлик учун таклиф қилди. Аммо ҳамма давлатлар ҳам таклифни қабул қилмади ёки аниқ қўллаб-қувватламади. Масалан, Франция, Италия ва Швеция Трамп таклифини рад этди. Қолаверса, норасмий равишда айтилган шарт – доимий аъзолик учун 1 миллиард доллар киритиш талаби кўпчиликни ўйлантириб қўйган кўринади.
АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари лойиҳани қўллаб-қувватлашдан бош тортишди ва анъанавий халқаро институтларга, биринчи навбатда БМТга содиқликларини таъкидлашди. Айниқса, Трампнинг Гренландияни эгаллаш борасидаги амбициялари Ғарб ҳамжамияти орасига нифоқ солувчи омил бўлди.
Танқидчиларнинг таъкидлашича, аниқ ҳуқуқий асос, келишилган процедуралар ва кенг халқаро эътирофсиз бундай орган тинчлик учун ҳақиқий механизм эмас, балки рамзий платформа бўлиб қолиши мумкин.
Шунга қарамай, Трампнинг ташаббуси халқаро дипломатия ва тинчликни сақлашда оғирлик марказини ўзгартиришга уриниш деб баҳоланмоқда. Унда иштирок этиш Ўзбекистон каби мамлакатлар учун халқаро ҳамкорлик, инвестициялар ва дипломатик алоқаларда янги уфқлар очиши мумкин.
Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш масаласи: натижалар ва мақсадлар
Давосдаги Жаҳон иқтисодиёти форумида Ғазода иқтисодий ва инфратузилмани ривожлантириш режалари, жумладан, асосий америкалик иштирокчиларнинг шаҳарларни тиклаш, иш ўринларини яратиш ва инвестициялар бўйича таклифлари ҳам муҳокама қилинди.
Бироқ Фаластин манбалари ва кузатувчиларнинг ўзлари Ғазода зўравонлик ва кескинлик давом этаётганини ва ҳақиқий тинчликка эҳтиёж янги орган яратишдан кўра кўпроқ нарсани талаб қилишини таъкидламоқдалар.
Бундан ташқари, асосий агрессор ва истилочи – Исроилнинг “Тинчлик кенгаши”га таклиф қилингани ҳам савол уйғотади. Шунингдек, “Тинчлик кенгаши” низоми ва Трампнинг режаларида Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш қоидалари мавжуд эмас. Шу боис, энг яхши прогнозда – Трампнинг ўзи илгари айтганидек, Ғазо секторини гўзал курорт ҳудудга айлантириши мумкин. Йиғилиши кутилаётган деярли 20 миллард долларлик фонд бунга имкон беради. Аммо Ғазо сектори аввалгидек Исроил ва Қўшма Штатларга қарам бўлиб қолади. У шунчаки Трампнинг яна бир иқтисодий фойда келтирадиган лойиҳасига айланади холос.
Ўзбекистон учун “Тинчлик кенгаши”га аъзоликнинг афзалликлари
Ўзбекистон учун “Тинчлик кенгаши”да иштирок этиш бир қатор потенциал афзалликларни тақдим этади.
Биринчидан, расмий Тошкентнинг халқаро мавқеи ўсиши кутилмоқда. Йирик халқаро ташаббусларда иштирок этиш Ўзбекистоннинг глобал майдондаги фаол позициясини таъкидлайди. Ўзбекистон муҳим халқаро жараёнларда иштирок этмоқда. Бу, шунингдек, мамлакатнинг ташқи алоқаларини диверсификация қилишни, Россияга қарамликни камайтиришни англатади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Ғазони қайта қуриш дастурларига ва бутун дунё бўйлаб иқтисодий лойиҳалар бўйича потенциал ҳамкорликка кириш имкони пайдо бўлади. Натижада экспорт бозорлари ва инвестиция имкониятларини очиши мумкин. Бу, айниқса, саноат, инфратузилма ва молия сектори учун жуда муҳим.
Шу тарзда Ўзбекистоннинг қурилиш компаниялари, цемент, шиша, кабел ва металл буюмлар ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, тиббий асбоб-ускуналар, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берувчилари тўғридан-тўғри тендерлар ва субпудрат шартномалари орқали, билвосита эса Туркия, Араб ва Осиё компаниялари билан ҳамкорлик орқали Ғазони тиклашда иштирок этиши ва бундан ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий фойда олиши мумкин.
Қолавреса, Ўзбекистон бу борада анча рақобатбардош. Чунки Ўзбекистон товарлар ва хизматларни Европа Иттифоқига қараганда арзонроқ нархларда таклиф қилади. Ўзбекистон, шунингдек, оғир иқлим ва инфратузилма шароитларида ишлаш тажрибасига эга.
Қолаверса, глобал тинчликпарварлик ташаббусларида иштирок этиш Ўзбекистоннинг хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликка қизиқувчи мамлакат сифатидаги ташқи сиёсат стратегиясига мос келади. Кенгаш ичидаги дипломатик фаолият эса Яқин Шарқ ва Осиёдаги давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаши, савдо, энергетика ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириши мумкин. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг бу жараёнларда иштирок этиши инвестиция ва “барқарорлик ва тинчлик мамлакати” имижини кучайтиради.
Ҳаммага маълум, сўнгги йилларда, аниқроғи, Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери Ўзбекистон ташқи сиёсатда ва глобал геосиёсий жараёнларда фаоллашди. Хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни диверсификация қилишга уринмоқда. Шунинг учун “Тинчлик кенгаши”га аъзолик – мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигини, Яқин Шарқ фондларининг, хусусан, Саудия Арабистони, БАА, Қатарнинг ишончини ҳамда Ислом ва халқаро молия институтларидаги иштирокини оширади.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш ташаббуслари камдан-кам ҳолларда тез фойда келтиради, аммо келажак учун дипломатик капитал яратади. Ўзбекистон учун бу ёпиқ музокараларда иштирок этиш, икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ва консорциумлар ва фондларга қўшилишга таклифларни англатади.
Абулфайз Сайидасқаров