Қамчибек Ташиев истеъфога чиқарилди
У Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига 6 йил раҳбарлик қилди. Ташиев мамлакат сиёсий доираларида энг қудратли шахслардан бири ва президент Жапаровнинг яқин маслакдоши сифатида кўриларди.

Камчибек Ташиев Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод қилинди.
Президент маъмурияти хабар беришича, тегишли фармонни Президент Садир Жапаров имзолаган.
Фармон Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси 1-қисми, 4-банди ва 71-моддасига мувофиқ имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 16 октябрда президент вазифасини бажарувчи ва Бош вазир Садир Жапаровнинг фармони билан Ташиев Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланганди. У 2020 йил 28 октябрда қасамёд қабул қилди.
Ташиев мамлакат сиёсий доираларида энг таъсирли, қудратли шахслардан бири ва Жапаровнинг яқин маслакдоши сифатида кўриларди.
Унинг ўрнини вақтинча Жумгалбек Шабданбеков эгаллади.