Гиёҳвандлик ёки психотроп моддаларни жамоат жойида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгиланади
Бу турдаги жиноятларни қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгиланади.
Қонунчилик палатаси мажлисида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-протсессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексидаги гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар, шунингдек кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар сифатида алоҳида бобга бирлаштирилмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексидаги мазкур бобда наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ҳамда ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи янги нормалар белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутиляпти.
Бундан ташқари, бу турдаги жиноятларни қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Аввалроқ ўз ҳуқуқбузарлигини интернетда тарқатганлар жавобгарликка тортилиши маълум бўлганди.