Сурхондарёда экология бўлими бошлиғи қўлга олинди
У табиатга етказилган зарарни камайтириб кўрсатиш мақсадида ўзгартириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.

Туман экология бўлими бошлиғи пора билан ушланди.
Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг туманлардан биридаги бўлими бошлиғи маҳаллий МЧЖ ҳудудида 14 туп гужум, 6 туп арча, 1 туп тут ва 1 туп чинор дарахтлари тегишли рухсатнома олмасдан, ўзбошимчалик билан кесилганлиги ҳолати бўйича расмийлаштирилган далолатномани табиатга етказилган зарарни камайтириб кўрсатиш мақсадида ўзгартириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағини тамагирлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.