Жамшид Хўжаев метан заправка қуришга рухсат йўқлигини айтди
Бош вазир ўринбосари бу ҳақда Қорақалпоғистонда тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида гапирган.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳукумат вакилларининг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида метан заправка қуришга рухсат йўқлигини эслатди.
Учрашув давомида Амударё туманилик тадбиркор автомобиллар учун электр, газ ва бензин қуйиш шохобчасини қуришни режалаштиргани, бунинг учун 2024 йилда ер олгани ҳамда қурилишга доир барча ҳужжатлар экспертизадан ўтказилганини билдирди.
Хўжаевнинг айтишича, ҳозирда ишлаб турган метан заправкаларга ҳам газ етишмаяпти.
Шу боис янги заправкалар қуриш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидланди.
“Қурганингиз билан пулингиз шундай ётади. Сизга метан бермайди. Қурилишни бошламаслик керак. Нега буни ҳокимият айтмайди?” деди бош вазир ўринбосари.