Ўзбекистон ва Покистон етакчилари қўшма бизнес форумда иштирок этдилар
Ўзаро алоқалар тарихида илк бор иқтисодий ҳамкорликка янги сифат бағишлаш ва савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни назарда тутувчи баённома имзоланди. Биринчи Ҳудудлараро форумни ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 феврал куни Исломобод шаҳрига давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан биргаликда қўшма бизнес форумида иштирок этди.
Тадбирда икки мамлакатнинг 300 дан ортиқ етакчи саноат корхоналари ва савдо компаниялари, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармонлик тузилмалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Покистон томонидан “PEL”, “Waves Singer”, “Sadaqat”, “Fauji”, “Platinum”, “Fast Cables”, “National Fruit”, “Amson Group”, “Shaigan”, “Hans International”, “Secure Logistics Group”, “NLC”, “Fairmont”, “Go Dairy”, “Engro”, “Herbion”, “AGP”, “Arco”, “Habib Rafiq”, “Pakistan Steel Mills”, “Siddiq Sons”, “Uniworth”, “Diners”, “Fatima Group”, “Fateh Group”, “Hub Leather”, “Siddiq Leather”, “Royal Leather”, “Davis”, “Ahsan Dyeing” ва бошқа кўплаб компаниялар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида олий даражадаги музокаралар Ўзбекистон – Покистон муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий жиҳатдан ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ўзаро алоқалар тарихида илк бор иқтисодий ҳамкорликка янги сифат бағишлаш ва савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни назарда тутувчи баённома имзоланди.

Икки мамлакат мутасаддиларига комплекс “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал этиш механизмини жорий қилиш топширилди.
Ўзбекистон Президенти иқтисодий шерикликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия тармоғи ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш шулар жумласидан.
Покистон компаниялари Ўзбекистондаги дори воситалари, биотехнологиялар ва тиббий асбоб-ускуналарни маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди. Тошкент фармацевтика паркида покистонлик инвесторлар учун қулай шароитлар яратилади.
Халқаро брендлар учун тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришда катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга бериш ва покистонлик ҳамкорлар учун алоҳида чарм саноати зоналарини ташкил этишга тайёр.
Гўшт, картошка ва гуручни биргаликда етиштириш, шунингдек, уруғчилик ва селекция соҳасида Покистон Миллий геномика институти билан шериклик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш савдо ҳажмини янада оширишнинг муҳим шартидир.
“Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” йўналиши бўйлаб юк ташиш, Лаҳор ва Исломобод шаҳарларига эса авиақатновлар йўлга қўйилди, Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси илгари сурилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойидан Карачига юк рейслари ва Лаҳорга тўғридан-тўғри йўловчи рейслари йўлга қўйилади.
Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда биринчи Ҳудудлараро форумни ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон етакчиси ва Покистон Бош вазири эришилган келишувлар тўғрисида алоҳида Баённомани имзоладилар. Унда амалга ошириш муддатлари ҳамда икки мамлакатнинг бунинг учун масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари белгилаб олинди.
Шунингдек, етакчилар ҳузурида қатор инвестициявий ва савдо-иқтисодий келишувларни алмашиш маросими бўлди.