platina.uz
Жамият

Учинчи ва тўртинчи ҳокимият учрашди

2025 йилда мамлакатдаги барча судлар томонидан жами 4 миллиондан ошиқ иш кўриб чиқилган бўлиб, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 37 фоиз кўпроқдир. 

Учинчи ва тўртинчи ҳокимият учрашди

Суд ҳокимияти демократик тузумнинг учта асосий устунларидан бири – учинчи ҳокимият сифатида мамлакатда одил судлов тизимини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда катта аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда ушбу тизимнинг шаффофлигини таъминлаш ва фаолиятини яхшилаш борасида кўплаб амалий қадамлар қўйилди.

Жорий йилнинг 4 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган матбуот анжуманида олдинга қўйилган мақсадлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.

Республика судларининг 2025 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ҳамда суд тизимини янада такомиллаштириш бўйича келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Олий суд раисининг биринчи ўринбосарлари – Алишер Усманов ҳамда Шуҳрат Полванов, Раис ўринбосари Маликахон Қаландарова, Олий суд судьялари – Бахтиёр Сайфуллаев, Жамол Чориев, Жаҳонгир Жўраев ва Илҳомжон Раҳмонқулов, Одил судлов соҳасида қонунчилик таҳлили департаменти бошлиғи Отабек Исмоилов, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаменти бошлиғи Жасур Умаров ҳамда Жамоатчилик билан алоқалар маркази бошлиғи Азиз Абидов фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоялаш борасида қилинаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот беришди.

Тадбирда маълум қилинганидек, Одил судловни таъминлаш борасида республика судлари томонидан 2025 йилда муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан ўтган йилда жами 4766 та иш кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 3376 таси Жиноят судлов ҳайъати томонидан, 409 таси Фуқаролик, 680 таси Иқтисодий, 301 таси Маъмурий судлов ҳайъати томонидан кўрилган.

2025 йилда мамлакатдаги барча судлар томонидан жами 4 миллион 133 минг 230 та иш кўриб чиқилган бўлиб, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 37 фоиз кўпроқдир. Уларнинг аксарияти – 2 миллион 169 мингдан зиёди фуқаролик, 1 млн 254 мингдан ортиғи жиноят, 690 минг 750 таси иқтисодий, 18 846 таси маъмурий судловга оид бўлган.

Ўтган йилда ёшлар 14-30 ёш оралиғидаги шахслар ўртасида жиноят содир этишда айбланиб, жами 23 973 нафар шахс судланган. Улар содир жиноятларнинг асосий тури – ўғирлик (4323 киши), фирибгарлик (4036 киши), автоавария (3799), гиёҳвандлик (3429 киши) ва безорилик (1276 киши) жиноятларига алоқадор бўлган.

Тадбирда айтилганидек, судларимиздаги асосий муаммолардан бири – иш ҳажмининг судьялар сонига нисбатан ўта кўплигидир. Масалан, бошқа давлатларда 1 судьяга 16 та иш кўриш меъёр қилиб белгилангани ҳолда, Ўзбекистон судьялари ойига ўртача 325 та иш кўришга мажбур бўлмоқда. Қолаверса, жаҳон миқёсида аҳоли сони бошига судьялар сони кўрсаткичи ҳам Ўзбекистонда пастлиги тан олинди: бизда ҳар 100 минг аҳолига атиги 1700 нафар судья тўғри келмоқда.

Вазиятни яхшилаш мақсадида ҳар йили қўшимча 100 та судья штати қўшилмоқда, уларнинг 60 таси фуқаролик судларига ажратилади.

Шу билан бирга, суд бинолари ва инфратузилмани яхшилаш мақсадида 162 та янги суд бинолари қурилиши, 82 таси мавжуд суд биносида реконструкция ишлари амалга оширилиши, 32 та бино капитал таъмирланиши режалаштирилган.

Янги қуриладиган ва таъмирланадиган суд биноларида суд ходимлари ҳамда аҳоли учун зарур барча қулайликлар албатта инобатга олинади. Масалан, очиқлик сиёсатини таъминлаш мақсадида ташрфичилар учун фронт офис, электрон навбат, ахборот экранлари ва қулай кутиш жойлари лойиҳаланади.

Қолаверса, таҳлилларга кўра, мамлакатимиз судларида рақамли ва технологик муаммолар етарлича. Хусусан, суд тизимида рақамли технологиялар ва ахборот тизимлари талабга жавоб бермайди. Суд мажлислари учун замонавий аудио ва видеоёзув тизимлари етишмайди.

Олий суднинг тегишли департаменти бошлиғи Жасур Умаров бу масалага изоҳ берар экан, 2 йил ичида барча судларда видеоёзувлар тизими билан таъминланишини билдирди.

Шунингдек, суд биноларини рақамлаштириш борасида қатор режалар ишлаб чиқилгани айтилди. Жумладан, “Рақамли суд” концепрцияси асосида “Ақлли суд” заллари жорий этилади ҳамда суд ишларини юритишда сунъий интеллект қўлланилади.

Виртуал ёрдамчи, ахборот киосклари ва ҳуқуқий маслаҳат тизимлари фаолияти йўлга қўйилади. Энг қизиғи – яқин истиқболда сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси тайёрланади.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар, шунингдек, ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига ҳам жавоб олишди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid