platina.uz
Жамият

Ўзбекистон бўйлаб қатор савдо марказлари ва муассасалар фаолияти тўхтатилди

Уларда ёнғин хавфсизлиги бўйича талаблар бузилган. Объектлар аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар ёпиқ бўлади. 

Ўзбекистон бўйлаб қатор савдо марказлари ва муассасалар фаолияти тўхтатилди

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилган айрим объектлар ёпилди.

ФВВ ва бошқа дахлдор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар республиканинг барча ҳудудларида савдо комплекслари, савдо кўнгилочар марказлари, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа турдаги тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказмоқда.

Хусусан, Бухоро вилояти, Бухоро шаҳар, И.Каримов кўчасида жойлашган савдо мажмуаларининг бирида ўтказилган текширувда аниқланган камчиликлар бўйича, объект раҳбарига 68 та банддан иборат ёзма кўрсатма тақдим этилди. Инсонлар ҳаёти ва соғлигига хавф солиб, ёнғин хавфсизлиги талаблари қўпол равишда бузилган қоидабузарликлар бўйича болалар ўйингоҳи павилионининг фаолияти аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Бундан ташқари, Бухоро вилоятида ўтказилган яна 3 та текширувда объект раҳбарларига 87 та банддан иборат ёзма кўрсатма тақдим этилиб, 2 та бино (иншоот) ва хоналарнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.

Шунингдек, Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар “Ҳ.Олимжон” МФЙда жойлашган савдо марказида ўтказилган текширувда аниқланган камчиликлар бўйича объект раҳбарига 15 та банддан иборат ёзма кўрсатма тақдим этилди. Қўпол равишдаги қоидабузарликлар бўйича бинонинг 2-қаватида жойлашган савдо марказига қарашли умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳардаги ҳолатда "Намуна" МФЙ Ўзбекистон шох кўчасида жойлашган савдо маркази 1-қаватида ижара шартномаси асосида фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятда ўтказилган текширувда аниқланган камчиликлар бўйича объект рахбарига 26 та банддан иборат ёзма кўрсатма тақдим этилди.

Қўпол равишда қоидабузарлик бўйича бинонинг 1-қавати ертўласидаги омборхона фаолияти аниқланган камчилик бартараф этилгунга қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Бундан ташқари Термиз шаҳрида жойлашган "Инденим" савдо кўнгилочар маркази фаолияти Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов томонидан вақтинча тўхтатилди.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари полковник Хуршид Сотиев раҳбарлигида Жиззах шаҳрида жойлашган савдо ва кўнгилочар масканларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар давомида мазкур объектларда ўрнатилган автоматик ёнғин ўчириш тизимлари, ёнғин ҳақида автоматик хабар бериш воситалари, захира эвакуация йўлаклари, ички ёнғин ўчириш жўмраклари, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ҳамда бошқа ёнғинга қарши инвентарьларнинг мавжудлиги, созлиги ва доимий ишчи ҳолатда эканлиги батафсил кўздан кечирилди.

Шунингдек, объектларнинг ишчи-ходимлари билан фавқулодда вазиятлар, жумладан ёнғин содир бўлганда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш масалаларида тушунтириш ва йўриқнома ишлари олиб борилди.

Эслатиб ўтамиз, 31 январ куни "Авиатор" савдо мажмуасида ёнғин сабаб 1 киши ҳалок бўлганди. Шундан сўнг объектларни текшириш бошланди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid