platina.uz
Жамият

Маъмурий огоҳлантириш кучга кирди

Platina.uz ушбу огоҳлантириш айнан қайси қоидабузарликлар учун берилишини ўрганиб чиқди.

Маъмурий огоҳлантириш кучга кирди

4 феврал куни имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилади.

Маъмурий огоҳлантириш ҳукуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирган ҳолда унга расмий танбеҳ беришдир. Маъмурий огоҳлантириш ёзма (электрон) равишда қўлланади.

Маъмурий огоҳлантириш қуйидаги қоидабузарликлар учун қўлланилади:

  • 125-моддасининг 1- ва 2- қисмлари: ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёхуд фойдаланиш ман этиладиган даражада носозлиги бўлган ёки қонунчиликда белгиланган тартибда фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул билан бутланмаган, худди шунингдек ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шунингдек шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши;
  • 128-1-моддаси: транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши (бундан телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш мустасно);
  • 128-2-моддаси: транспорт воситасини бошқариш вақтида теле-, видеодастурларни томоша қилиш мақсадида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ўрнатилган монитордан (дисплейдан) фойдаланиш;
  • 128-6-моддаси: транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши;
  • 135-1-моддаси: транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларида назарда тутилмаган фойдаланиш даврида транспорт воситаларини бошқариш, худди шунингдек, фақат мазкур суғурта полисларида кўрсатилган ҳайдовчилар айни шу транспорт воситаларини бошқариши тўғрисида мазкур суғурта полисларида назарда тутилган шартларни бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш;
  • 138-моддаси 1- ва 2-қисмлари: пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек скутерлар, мопедлар ва велосипедларни, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини, уловли аравани бошқариб бораётган шахсларнинг ҳамда йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги; ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш.

Бунда шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганда, шунингдек, кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари бўлмаганда, маъмурий жазо чорасини қўллашга ваколатли орган томонидан қўлланилади.

Маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан 1 йил давомида 1 мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас.

Аввалроқ фото ва видеорадарлар орқали қайд этиладиган қоидабузарликларнинг қатъий рўйхати белгиланган эди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid