Японияда қалин қор ёғиши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
Ҳукумат зарар кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш учун ҳарбийларни жалб қилди, расмийлар аҳолини кўчки ва томлардан тушаётган қор хавфидан огоҳлантирди.

Японияда сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли қор ёғиши оқибатида камида 35 киши ҳаётдан кўз юмди.
Ҳукумат зарар кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатиш учун ҳарбийларни жалб қилди, расмийлар эса аҳолини қор кўчкиси ва томлардан қулаётган қор хавфидан огоҳлантирмоқда.
Расмийларнинг маълум қилишича, қурбонлар орасида уйи қор остида қолиб кетган 91 ёшли аёл ҳам бор.
Кучли қор ёғиши натижасида Бош вазир Санае Такаичи ҳукуматини зарар кўрган ҳудудларга ёрдам бериш учун ҳарбийларни сафарбар қилди, деб хабар берди Япониянинг NHK давлат телеканали.
Расмийлар аҳолига қор кўчкиларидан ва томлардан қулаб тушаётган тўпланган қорлардан эҳтиёт бўлишни тавсия қилди, шунингдек, энг кўп зарар кўрган ҳудудларда электр таъминотида узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
NHK маълумотига кўра, 3 феврал ҳолатига Япониянинг шимолидаги Аомори шаҳрида ерда тўпланган қор қатлами 175 сантиметрни ташкил этган, бу йилнинг шу даври учун ўртача кўрсаткичдан икки баравардан ҳам кўп. 2 феврал куни эса шаҳарнинг айрим ҳудудларида қор қалинлиги 183 сантиметрга етиб, 1986 йилда қайд этилган 181 сантиметрлик 40 йиллик рекордни янгилаган.
Аомори губернатори Соичиро Мияшита ёлғиз яшайдиган ва қор тозалашда ёрдамга муҳтож бўлган кексаларга ёрдам кўрсатиш учун ҳарбийлардан фавқулодда ёрдам сўраганини, яна бир нечта шаҳарларда ҳам камида 135 сантиметр қор тўпланганини билдирган.
Ёнғин ва офатлар билан шуғулланувчи агентлик маълумотига кўра, 20 январьдан 3 февралгача бўлган даврда кучли қор ёғиши оқибатида 30 киши ҳалок бўлган.
NHK 2 феврал куни Япония денгизи соҳилидаги Ниигата префектурасида камида 12 киши, шимолдаги Акита префектурасида олти киши, энг шимолий Хоккайдо префектурасида уч киши, Аоморида икки киши ва яна тўртта префектурада биттадан одам ҳалок бўлганини хабар қилган.
Қор билан боғлиқ ҳодисалар туфайли жами 290 киши жароҳат олган, уларнинг айримларининг аҳволи оғир.
Метеорология агентлиги Kiodo ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, Арктикадан келган совуқ ҳаво массаси Япония архипелаги устида сақланиб тургани сабабли мамлакатнинг айрим ҳудудларида одатдагидан икки баравар кўп қор ёғмоқда.
Кучли қор ёғиши якшанбага белгиланган парламент сайловларига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.
Бош вазир Вазирлар Маҳкамаси билан махсус йиғилиш ўтказиб, ўлимлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўриш бўйича вазирларга кўрсатма берди.