platina.uz
Жаҳон

Ливия собиқ етакчиси Муаммар Каддафийнинг ўғли ўлдирилди

Саиф ал-Ислом отасидан кейин мамлакатдаги энг таъсирли ва қўрқинчли шахс, эҳтимолий меросхўр сифатида қаралган. 

Ливия собиқ етакчиси Муаммар Каддафийнинг ўғли ўлдирилди

Ливиянинг собиқ етакчиси полковник Муаммар Қаддафийнинг ўғли Саиф ал-Ислом Қаддафий отиб ўлдирилди.

Унинг ўлими сиёсий жамоаси томонидан тасдиқланган бўлса-да, ҳодисанинг аниқ тафсилотлари ва суиқасд ортида ким тургани ҳозирча номаълум.

Ливия ахборот агентлиги маълумотига кўра, бир пайтлар отасининг вориси сифатида кўрилган 53 ёшли Саиф ал-Исломнинг ўлими 3 февраль куни унинг сиёсий жамоаси раҳбари томонидан тасдиқланди.

Унинг адвокати AFP ахборот агентлигига берган интервьюсида тўрт кишилик жиноий гуруҳ Зинтан шаҳридаги уйида суиқасд уюштирганини айтган, бироқ ҳужум ортида ким тургани номаълумлигича қолмоқда.

Бошқа бир ҳолатда эса унинг синглиси Ливия телевидениесига Саиф ал-Ислом мамлакатнинг Жазоир билан чегараси яқинида вафот этганини билдирган.

Саиф ал-Ислом Қаддафий узоқ вақт давомида, 1969 йилдан 2011 йилгача Ливияни бошқарган Муаммар Қаддафидан кейин, мамлакатдаги энг таъсирли ва қўрқинчли шахс сифатида қаралган.

Саиф ал-Ислом 2000 йилдан Қаддафий режими қулагунига қадар Ливиянинг Ғарб билан яқинлашувида муҳим рол ўйнаган.

Отаси ҳокимиятдан четлатилгач, ҳукуматга қарши намойишларни шафқатсиз бостиришда муҳим рол ўйнаганликда айбланган Саиф ал-Ислом Қаддафий Зинтан шаҳрида рақиб милиция томонидан қарийб олти йил қамоқда сақланган.

Халқаро жиноий суд уни 2011 йилда мухолифат намойишларини бостиришдаги роли учун инсониятга қарши жиноятларда айблаб судга тортмоқчи бўлган.

2015 йилда у мамлакат ғарбида жойлашган Триполи шаҳридаги суд томонидан, БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукумат назорати остидаги ҳудудда, ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Аммо икки йил ўтиб, мамлакат шарқидаги Тобрукда жойлашган милиция томонидан амнистия тўғрисидаги қонун асосида озод этилган.

Қаддафий ағдарилганидан бери Ливия турли милициялар назоратидаги ҳудудларга бўлиниб кетган ва ҳозирда икки рақиб ҳукуматга ажралган.

Отаси ҳокимиятда бўлган даврда Саиф ал-Ислом расмий лавозим эгалламаган бўлса-да, ўз сиёсатини шакллантирган ва муҳим музокараларга раҳбарлик қилган, жумладан, Ливиянинг ядро қуролидан воз кечишига олиб келган келишувларда иштирок этган.

Бу келишувлар натижасида Шимолий Африка давлатига нисбатан жорий этилган халқаро санкциялар бекор қилинган, айримлар эса Саиф ал-Исломни ислоҳотчи ва ўзгараётган Ливиянинг мақбул қиёфаси деб ҳисоблашган.

Саиф ал-Ислом доимо отасининг ҳокимиятини мерос қилиб олиш нияти йўқлигини айтиб, ҳокимият “мерос бўлиб қоладиган ферма эмас”лигини таъкидлаб келган.

Шунга қарамай, 2021 йилда у президентлик сайловларида иштирок этишини эълон қилган бироқ бу сайловлар кейинчалик номаълум муддатга қолдирилган.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid