platina.uz
Иқтисод

Фарғонада ҳудудий ЯИМ миқдори 26,6 млн сўмга етди

Жорий йилнинг ўзида вилоятда умумий қиймати 4,2 млрд доллар бўлган лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган. 

Фарғонада ҳудудий ЯИМ миқдори 26,6 млн сўмга етди

Президент Шавкат Мирзиёев 4 феврал куни Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилиш аввалида сўнгги йилларда Фарғона вилоятида амалга оширилган тизимли ислоҳотларнинг натижалари таҳлил қилинди. Ер ва қазилма бойликлари чекланган бўлишига қарамасдан, ҳудудда иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва ахборот технологиялари соҳаларида барқарор ўсиш таъминланди.

Жумладан, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2017 йилда 7 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 26,6 миллион сўмга етди ёки 3,8 баробар ўсди. Бу иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадлари сезиларли ошганини кўрсатади.

Бандлик ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича ҳам ижобий суръат қайд этилди. Ўтган йилда 519 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, уларни даромадлари оширилди ва 53 минг оила камбағаллик реестридан чиқарилди. Эндиликда 2026 йил якунига қадар ишсизликни 3 фоизга, камбағалликни эса 2,7 фоизга камайтириш кўзда тутилмоқда.

Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида ҳам сезиларли ўсишга эришилди. Вилоятда 26 та йирик, 357 та ўрта ва кичик инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, салкам 3 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Экспорт ҳажми изчил ошди, экспортчи корхоналарнинг сони кенгайди.

Қишлоқ хўжалигида ўтган йили 94,3 минг гектар майдонда 816,7 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 86,6 центнерни ташкил этди. Пахтачиликда 72 минг гектарда 324 минг тонна ҳосил олинди. Мева-сабзавот экспорти 403 миллион долларга етди. Томорқачилик ва ихчам иссиқхоналар орқали минглаб хонадонлар барқарор қўшимча даромад манбаига эга бўлди.

Йиғилишда Фарғона вилоятини ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, вилоятда инвестиция ва экспорт ҳажмларини изчил ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига тизимли ҳамда манзилли ёндашиш талаб этилади. Шу мақсадда Фарғона вилояти учун умумий қиймати 8,2 миллиард доллар бўлган янги йирик лойиҳалар пакети шакллантирилган.

Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг 2,7 миллиард доллари саноат, 210 миллион доллари қишлоқ хўжалиги, 1,2 миллиард доллари сервис ва туризм соҳаларига тўғри келади.

Шу билан бирга, ўтган йилларда саноат мақсадлари учун ажратилган 2 минг 115 гектар ер майдонининг 40 фоизи ҳалигача аукционга чиқарилмагани қайд этилди. Қўшимча ер ажратишдан олдин мавжуд бўш ерлар инфратузилмасини яхшилаш ва уларни тадбиркорларга таклиф этиш орқали инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш самарадорлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Жорий йилда жами 595 минг нафар, шундан 98 минг доимий иш ўрни яратиш, 423 минг аҳолини даромадли қилиш ҳамда 74 минг иш ўрнини “соя”дан чиқариш режалаштирилган.

Бувайда, Учкўприк, Қува, Ўзбекистон, Ёзёвон туманлари ҳамда Марғилон, Фарғона, Қўқон ва Қувасой шаҳарларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 7 та туман ва 132 та “оғир” маҳаллада инфратузилмани яхшилаш орқали ишсизлик ва камбағалликни икки карра қисқартириш учун 800 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Шунингдек, банклар томонидан “Маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида 1,4 триллион сўмлик кредит ресурслари йўналтирилади.

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот маҳсулотларини хом ҳолда эмас, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот сифатида сотиш орқали экспорт ҳажмини 510 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди. Шу боис, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 175 миллион доллар бўлган агрологистика марказлари барпо этилади.

Ўзбекистон, Бешариқ ва Олтиариқ туманларида чорвачилик, сутни қайта ишлаш ва наслли жўжа етиштириш йўналишларида умумий қиймати 21 миллион доллар бўлган 4 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.

Ижтимоий инфратузилмани аҳолининг ўсишига мос равишда ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Жорий йилда 33 та мактаб қурилиши ва реконструкцияси учун 343 миллиард сўм ажратилмоқда. Ҳудуд раҳбарларига қўшимча имкониятларни ишга солиш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали инфратузилмани яхшилаш вазифаси қўйилди.

Туризм салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Сўх туманида Угам ва Мираки тажрибаси асосида туризм мажмуалари ташкил этилади, Фарғона туманида йирик туристик-рекреацион зона барпо қилинади. Қўқон шаҳрида янги туризм масканлари барпо этилиб, маданий мерос объектлари бўйлаб саёҳат маршрутлари йўлга қўйилади.

Шунингдек, Қўқон шаҳрида 17 та давлат идорасини “Янги Ўзбекистон” массивига кўчириш орқали аҳолига барча давлат хизматларини бир жойда кўрсатадиган қулай ва самарали тизимни шакллантириш вазифаси белгиланди.

Ахборот технологиялари соҳасида Фарғона вилояти иқтисодиётининг муҳим драйвери сифатида АT йўналишини жадал ривожлантириш режалаштирилган.

Ҳозирда вилоятда 139 та IT-парк резиденти фаолият юритмоқда. Жорий йилда ахборот технологиялари хизматларининг ҳажмини 3,5 триллион сўмга, экспортни эса 30 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Фарғона шаҳрида янги IT-парк ва мажмуаси, Марғилон шаҳрида халқаро IT олийгоҳи, шунингдек, Фарғона шаҳрида “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида ҳар бир лойиҳани аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини ошириш билан узвий боғлаб амалга ошириш, белгиланган вазифалар ижроси учун мутасаддиларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid