Темур Маҳмудов Оқдарё тумани ҳокими этиб тайинланди
У Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Оқдарё туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Бугун Халқ депутатлари Оқдарё тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, Оқдарё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлашда фойдаланилмай келинаётган имкониятлар, масъул раҳбарларнинг ҳамжиҳатликда ишни ташкил қилмаганлиги хусусида тўхталди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шерзод Қудратов ўз аризасига кўра, туман ҳокими вазифасидан озод этилди.
Вилоят раҳбари Маҳмудов Темур Асомидиновични Оқдарё тумани ҳокими этиб тайинлаш таклифини билдирди. Номзод депутатлар томонидан маъқулланди.
Темур Маҳмудов тайинловга қадар Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.