platina.uz
Жамият

Ёшлар – гиёҳвандликка қарши

Ўзбекистон миллий кино санъати саройида мазкур йўналишдаги муаммолар бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Бугунги кунда гиёҳвандлик ва наркожиноятчилик нафақат миллий, балки минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик ҳамда барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда. Айниқса, ёшлар орасида турли наркотик моддаларнинг тарқалиши ва наркожиноятларга аралашиш ҳолатларининг ортиб бораётгани профилактик ва тарғибот ишларини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2025 йилда республикада ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 15 412 та жиноят ва 1 956 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган. Жиноятларнинг асосий қисми гиёҳвандлик воситаларини ўз истеъмоли учун сақлаш, ноқонуний муомалага киритиш ва тақиқланган экинларни етиштириш ҳолатларига тўғри келади.

Наркожиноятларнинг 53 фоизи Тошкент шаҳри, Фарғона ва Тошкент вилоятларида қайд этилган. Тезкор тадбирлар натижасида 3 тонна 413 килограмм наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди, 14 та яширин нарколаборатория фош этилди.

Наркожиноят содир этган 11 049 нафар шахс жавобгарликка тортилган бўлиб, улар орасида мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳам борлиги ташвишли ҳолат сифатида қайд этилди.

Мазкур вазиятдан келиб чиқиб, 2025 йил 3 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–207-сон Фармони қабул қилиниб, 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича миллий дастур” тасдиқланди.

Миллий дастур доирасида феврал ойида “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишига қарши курашиш” тезкор-профилактик ойлигига старт берилди. Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда республикадаги нарковазият, ойлик доирасида амалга ошириладиган профилактик ва тарғибот ишлари юзасидан батафсил маълумот берилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг гиёҳвандликка қарши курашдаги муҳим ўрни алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ёшлар форуми” ҳам ташкил этилиб, унда 1800 нафарга яқин ёшлар, таълим муассасалари вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Форум ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши маънавий-руҳий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid