Баҳодир Қурбонов ЎФА раислигига қайта сайланди
У тадбирда коррупция масаласига тўхталди. "Биз футболга ўз қариндошимизни олиб кириб, бошқа истеъдодлини кўкрагидан итардикми, деган саволга жавоб беришимиз керак", деди ЎФА раиси.

30 январ куни Тошкентда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг (ЎФА) навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси бўлиб ўтди.
Конгресс якунларига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов делегатларнинг бир овоздан қабул қилган қарори билан ЎФА президенти лавозимига қайта сайланди. У ушбу лавозимда 2025 йил феврал ойидан буён ишлаб келаётган эди.
Баҳодир Қурбонов тадбирда коррупция масаласини кўтарди.
"Биз футболда ўз қариндошимизни олиб кириб, бошқа истеъдодлини кўкрагидан итардикми, деган саволга жавоб беришимиз керак. Ўзбек футболида коррупция омили бўлмаса, футболчи етиштиришда, халқаро майдонда ўзбек ғурурини намойиш қилишда муваффақиятга эришамиз", деди у.
Ўз навбатида Равшан Эрматов ЎФА биринчи вице-президенти, Одил Аҳмедов эса вице-президент лавозимини сақлаб қолди.