platina.uz
Жаҳон

Хитойда йирик фирибгарлик тармоғининг 11 аъзоси қатл этилди

Минг оиласи Шимолий Мянмада зарари миллиардлаб долларни ташкил этувчи интернет фирибгарлиги, одам савдоси ва зўравонлик билан шуғулланган. 

Хитойда йирик фирибгарлик тармоғининг 11 аъзоси қатл этилди

Хитой Мянмадаги йирик фирибгарлик тармоқларига зарба берди: Минг оиласининг 11 аъзоси қатл этилди.

Хитой ҳукумати Шимолий Мянмада миллиардлаб долларлик интернет фирибгарлиги, одам савдоси ва зўравонлик билан шуғулланган Минг оиласи жиноят синдикатининг 11 нафар аъзосини қатл этди. Пекин бу чорани минтақадаги фирибгарлик ва ноқонуний фаолиятга қарши кескин кураш доирасида амалга оширилганини билдирди.

Минг оиласи Шимолий Мянмадаги “тўрт оила” деб аталган жиноий кланлардан бири бўлиб, улар интернет фирибгарлиги, фоҳишабозлик ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш билан шуғулланган юзлаб мажмуаларни бошқарганликда айбланган.

Гуруҳ аъзолари Мянманинг ҳукмрон ҳарбий хунтаси билан боғлиқ маҳаллий ҳокимият ва қуролли тузилмаларида юқори лавозимларни эгаллаб келган.

Хитойнинг Синхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, қатл этилган 11 киши сентябр ойида қотиллик, ноқонуний ҳибсда сақлаш ва фирибгарлик каби жиноятларда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Икки нафар судланувчи апелляция берган ва иш Хитойнинг энг олий суд инстанцияси — Олий халқ судига оширилган. Хинҳуага кўра, суд дастлабки ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Коканг пойтахти Лауккаинг ҳуқуқ-тартибот суст бўлган Мянманинг айрим ҳудудларида шаклланган миллиардлаб долларлик фирибгарлик саноатининг маркази бўлган. Бу ерда одам савдоси орқали олиб келинган ишчилар мураккаб онлайн схемалар ёрдамида бегоналарни алдашга мажбур қилинган.

Фирибгарлик марказларида ишлашга мажбурланган шахсларнинг қариндошлари томонидан йиллар давомида шикоятлар бўлиши ва халқаро ОАВ эътиборининг кучайиши ортидан Пекин 2023 йилда ушбу мажмуаларга қарши кескин чоралар кўрди.

2023 йилнинг ноябрида Хитой расмийлари оила аъзоларига нисбатан фирибгарлик, қотиллик ва одам савдоси айбловлари билан қидирув эълон қилди ҳамда уларни қўлга олиш учун 14 мингдан 70 минг долларгача мукофот белгиланган эди.

Хитой давлат ОАВлари хабарига кўра, илгари Мянма штат парламенти аъзоси бўлиб ишлаган Минг Хуэчанг кейинчалик ҳибсда бўлган пайтида ўз жонига қасд қилган.

2023 йил октябр ойида содир бўлган воқеалардан бирида гуруҳ аъзолари фирибгарлик мажмуасида одамларга қарата ўқ узиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.

АҚШ Конгресси томонидан ташкил этилган United States Institute of Peace маълумотларига кўра, Жануби-Шарқий Осиёдаги фирибгарлик гуруҳлари йилига 43 миллиард доллардан ортиқ маблағни ўғирлайди.

Қатл масаласига изоҳ берар экан, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Пекин қимор ўйинлари ва фирибгарлик балосини бутунлай йўқ қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришда давом этишини билдирди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid