platina.uz
Жамият

Рақобат қўмитаси "Korzinka" бўйича шикоятлар ҳақида маълумот берди

Янгиҳаётда чегирмалар ва улардаги нархларнинг номутаносиблиги кузатилган. Асакада эса маҳсулотлар учун икки баробар маблағ ечиб олингани айтилди. 

Рақобат қўмитаси "Korzinka" бўйича шикоятлар ҳақида маълумот берди

Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқлар орқали “Anglesey Food” МЧЖ (“Korzinka” савдо дўконлар тармоғи) томонидан кўрсатилаётган хизматлар юзасидан тушаётган мурожаатлар ўрганилди.

Хусусан, ушбу мурожаатларда “Korzinka” савдо шохобчаларда озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотларининг сифати, харидларни амалга ошириш, кешбеклар, нархларнинг савдо растаси ва кассадаги фарқлари ва буюртма хизматлари бўйича шикоятлар қилинган.

Мурожаатлар бўйича мисоллар:

Қўмита “Korzinka”нинг Янгиҳаёт туман филиалида ўтказилаётган чегирмалар ва улардаги нархларнинг номутаносиблиги юзасидан фуқародан тушган мурожаатни ўрганиб чиқди.

Хусусан, ўрганишларда “Чортоқ” суви бўйича харид давомида истеъмолчига чегирма ҳақида ўз вақтида тўлиқ маълумот тақдим этилмагани боис касса олдида муаммо юзага келгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан “Korzinka” ходимларига сув маҳсулотларининг қадоқ тури, ўлчами ва ҳажмига қараб турлича нархларда эканлиги, айнан акциядаги товарларга белгиланган нархномаларни ажратган ҳолда туришини таъминлаш ва мунтазам назорат қилиш ҳамда харидорларни қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоб бериш зарурлиги юзасидан қатъий тушунтириш ишлари ўтказилди.

“Korzinka” ходими томонидан хизмат давомида фуқарога қўпол муомалада бўлингани юзасидан тушган мурожаат ўрганилганда савдо шоxобчаси ходими томонидан харидорга маҳсулотни аниқ, пулига яраша вазнлаб тортиб бермаган ва такроран хизмат кўрсатишдан бош тортгани маълум бўлди.

Савдо қоидалари бузилишига йўл қўйган салат бўлими ходимига нисбатан интизомий чора кўрилди. Шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун барча сотувчи ходимлар ўртасида суҳбат ўтказилди.

Асакa туманида жойлашган “Korzinka” савдо марказида харид вақтида маҳсулотлар учун икки баробар маблағ ечиб олингани юзасидан тушган мурожаат ўрганилганда товарларни сканер қурилмаси орқали ўтказиш вақтида техник хатога йўл қўйилгани сабаб бўлгани аниқланган.

Савдо шохобчаси ички тартиб-қоидалари асосида ушбу ходимга огоҳлантириш чораси қўлланган ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун барча ходимлар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, техник хатолик туфайли ортиқча ечиб олинган маблағ истеъмолчига тўлиқ қайтарилиши таъминланган.

Қўмитага ижтимоий тармоқ орқали "Korzinka”-(Бошлиқ) савдо шохобчасида олинган маҳсулотлар учун икки марта пул ечиб олингани ва гўштли қийма маҳсулоти ҳамда харид қилинмаган пишлоқ маҳсулоти учун тўлов олингани” юзасидан фуқаронинг мурожаати қолдирилган.

Ўрганишларда ҳақиқатан ҳам кофе маҳсулоти учун икки маротаба тўлов амалга оширилгани, шунингдек, пишлоқ маҳсулоти харид қилинмагани маълум бўлди.

Ўрганишлар натижасида савдо шохобчасининг барча кассир ходимларига мижозлар билан ишлаш бўйича тушунтиришлар берилди ҳамда томонидан харидордан узр сўраган ҳолда ортиқча маблағ қайтариб берилиши таъминланди.

Қўмитага ижтимоий тармоқ орқали “Korzinka” савдо марказидан харид вақтида олинмаган маҳсулотларига пул ечиб олингани юзасидан фуқародан мурожаат келиб тушган.

Олиб борилган ўрганишларда савдо марказида стажёр кассир ходими томонидан хатоликка йўл қўйилиб, ортиқча 48 минг сўмга яқин пул ҳисоб-китоби қилинган маълум бўлди. Савдо шохобчаси раҳбарияти томонидан мазкур ходимга савдо қоидалари ҳақида тушунтиришлар берилди. Натижада ортиқча олинган пул харидорга қайтарилиши таъминланди.

Маълумот учун, Рақобат қўмитаси томонидан 2025 йил давомида ижтимоий тармоқлар орқали 1.5 мингга яқин турли йўналишларга оид мурожаатлар қабул қилиниб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid