platina.uz
Сиёсат

Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдўғонга Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф қилди. 

Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Томонлар мазкур йиғилиш муборак Рамазон ойи ҳамда икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлиши арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидладилар.

Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ўхшаш экани мамнуният билан қайд этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди.

Парламентлараро алоқалар, жумладан, дўстлик гуруҳлари доирасида фаоллашди.

Ўзаро савдо ҳажми, шунингдек, Туркиянинг етакчи компаниялари билан қўшма корхона ва лойиҳаларнинг сони изчил равишда ўсиб бормоқда.

Келгуси йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимдаги товарлар рўйхатини кенгайтириш орқали 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилаб олинди.

Ташрифга тайёргарлик доирасида алоҳида дастур асосида амалга оширилиши назарда тутилган саноат кооперациясининг янги устувор йўналишлари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг улкан салоҳияти қайд этилди. Йил охирига қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан делегациялар ҳамкор ҳудудлар билан лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш мақсадида Туркияга ташриф буюради.

Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, соғлиқни сақлаш ва тиббий туризм соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибасини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Туризм йўналишида алоқаларни ривожлантириш, театр фестиваллари ва маданият ҳафталикларини ўтказиш, тарихий филмларни биргаликда ишлаб чиқариш, маданий мерос объектларини ҳамкорликда тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида шу йил баҳорда Бухорода тўртинчи Ректорлар форумини ўтказишга келишиб олинди.

Шунингдек, Қўшма ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш якунида икки давлат ҳукуматларига қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.

Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдўғонга Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф қилди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid