"Бугунги Ўзбекистон 10 йил аввалгидан фарқ қилади": турк нашри ислоҳотларни эътироф этди
Шавкат Мирзиёев Анқарада иштирок этадиган Туркия-Ўзбекистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилиши ўзаро муносабатларга янги туртки бериши кутилмоқда.

Туркиянинг йирик Sabah газетаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага ташрифига бағишлаб катта мақола чоп этди.
Қуйида мақоланинг тўлиқ таржимаси келтирилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эртага Анқарада иштирок этадиган Туркия-Ўзбекистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилиши ўзаро муносабатларга янги туртки бериши кутилмоқда. Иқтисодиёт, инвестиция ва таълим соҳаларида янги қадамлар қўйиладиган ушбу йиғилиш ҳақида Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Ўзбекистон-Туркия Дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен “Ушбу ташриф муносабатларни янада мустаҳкамлайди” деган фикрни билдирди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга келмоқда. Анқара шаҳри Туркия-Ўзбекистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилишига мезбонлик қилади. Ш.Мирзиёевнинг ташрифи нафақат Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни, балки тарихий ришталар билан чамбарчас боғлиқ бўлган икки дўст ва қардош давлат ўртасидаги минтақавий ва глобал ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлайди. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг келиши интиқлик билан кутилаётган бир пайтда, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Ўзбекистон-Туркия дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен “Sabah”га ўз мулоҳазаларини ўртоқлашди.
Ўзбекистон "бизнинг аждодларимиз юрти" эканлигини ва бу қадимий заминда қардошларимиз билан алоқаларимиз ҳеч қачон узилмаганлигини таъкидлаб, О.Местен қуйидагиларни маълум қилди:
Анадолуга зиё таратган авлиёлар
Гарчи аждодларимиз Х асрда Мовароуннаҳрни тарк этиб, Анадолуга келиб жойлашган бўлсалар-да, бу қадимий заминдаги биродарларимиз ва опа-сингилларимиз билан муносабатларимиз ҳеч қачон узилмаган. Зеро, Мовароуннаҳр алломалари юзлаб йиллар давомида Анадолуга, қолаверса бутун дунёга зиё таратган. Коняга маъно келтирган Мавлоно Жалолиддин Румий; Бурсани мунаввар этган Амир Султон Бухорий; Анқарани ёритган Шайх Али Самарқандий ва Истанбул мадрасаларида илм нурини таратган Али Қушчу бу заминдан Туркияга келган 2500 дан ортиқ олим ва авлиёларнинг баъзилари, холос. Туркия турклари сифатида биз бу чуқур ва бой тарихни ўз тарихимиз деб биламиз. Биз Ўзбекистоннинг буюк олимларини бутун туркий дунёнинг умумий қадрияти деб ардоқлаймиз.
Дўст бошга кулфат тушганда билинади
Ўзбек қардошларимизда "Дўст бошга кулфат тушганда билинади" деган ибора бор. Бу бизнинг "Дўст кара гунде белли олур" деган мақолимиз билан бир хил. Тарих шоҳидки, ушбу ҳикматлар ҳеч қачон шунчаки сўз бўлиб қолмаган, ўзбек қардошларимиз энг қийин пайтларда биз билан бирга бўлган, ҳеч қачон ёрдамларини аямаган. Эртага ўзбек биродарларимизнинг яна бир муҳим ёрдами тарихга муҳрланади. “Аср фалокати” деб таърифланган 2023-йил 6-февралдаги зилзиладан сўнг энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири - Хатайда жаноб Ш.Мирзиёевнинг кўрсатмаси кўрсатмаси билан иншо этилган "Ўзбекистон маҳалласи"нинг очилишига барчамиз гувоҳ бўламиз.
Яна бир жиҳат. Ўзбек тилидаги "Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар" мақоли ҳам Анадолуда учраши шубҳасиз. Бу доно ҳикмат муваффақиятга эришиш учун ҳамжиҳат бўлишни уқтиради, биргаликда ҳаракат қилиш катта куч беришини англатади. Жаноб Ш.Мирзиёев даврида Ўзбекистон-Туркия муносабатлари мустаҳкамланди. Бугунги кунда иккала томон ҳам барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда бир-бирини кенг қўллаб-қувватламоқда.
Ишончимиз комилки, бу муносабатлар жаноб Ш.Мирзиёевнинг Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг 4-йиғилиши доирасида мамлакатимизга ташрифи билан янада ривожланади.
Ш.Мирзиёев ва Р.Т.Эрдоған билан орзулар рўёбга чиқади
Қардош мамлакатимиз Ўзбекистон билан савдо ҳажмимиз 3,1 миллиард долларга етди ва 5 миллиард долларлик савдо ҳажми мақсадига эришиш учун саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Туркиянинг 2025-йилда Ўзбекистондаги инвесторлар рўйхатида 2,6 миллиард доллар билан 3-ўринни эгаллагани жуда қувончли. Ўзбекистонда 2100 га яқин турк компаниялари мамлакат иқтисодиёти, ривожланиши ва бандлигини қўллаб-қувватламоқда. Жаноб Р.Т.Эрдоған ва жаноб Ш.Мирзиёев каби раҳбарларнинг иродаси ва кучли жамоатчилик қўллаб-қувватлаши билан, илгари ҳаёл бўлган кўплаб орзулар рўёбга чиқишига шубҳам йўқ. Бу бизнинг умумий қадриятларимиз ва биродарлик ришталаримиз туфайлидир.
Ўзбекистонда бўлган вақтимдаги кузатишларимга асосланиб, бир нарсани аниқ айта оламан: Бугунги Ўзбекистон 10 йил аввалгидан бутунлай фарқ қилади. Жаноб Ш.Мирзиёев томонидан бошланган "Янги Ўзбекистон" ғояси таъсирини ҳамма жойда кўришингиз мумкин. Буюк ва чуқур тарихий пойдеворлар устида юксалаётган мамлакатга гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ш.Мирзиёев жанобларининг 2025 йил 26 декабрда Парламентдаги мурожаати Янги Ўзбекистон жараёнининг қанчалик барқарор ва тез ривожланаётгани кўрсатиш баробарида, 2026-йил мамлакат учун бурилиш нуқтаси бўлишини намоён этмоқда. Икки йил олдин қабул қилинган "Ўзбекистон 2030" стратегиясида кўрсатилганидек, 2030 йилга келиб 160 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулотга эришиш мақсадига 2026 йилдаёқ эришиш кутилмоқда, янги мақсад қилиб эса 240 миллиард долларлик марра белгиланмоқда. Буларнинг барчаси сўнгги йиллардаги чуқур иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар туфайли имкон топмоқда.
Янги Ўзбекистон ёшлар иштирокида қурилмоқда
Жаноб Ш.Мирзиёев Янги Ўзбекистонни қуришда ёшларга таянмоқда. Рақамлар билан айтганда, илгари атиги 27% бўлган болалар боғчалари ва мактабгача таълим муассасаларидаги қамров бугунги кунда 78%дан ошди. 2017-йилда 8% бўлган олий таълим қамрови эса, 50%га яқинлашмоқда. 2026-йилда Янги Ўзбекистон таълим борасида ҳам янги босқичга ўтади. Биз бунга жаноб Ш.Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи давомида гувоҳ бўламиз. Чет элда биринчи ўзбек мактабининг қурилиши бошланишига гувоҳ бўламиз.
Учинчи Ренессанснинг нишоналари
Х ва ХII асрларда Биринчи Ренессанс, XV асрда эса Иккинчи Ренессансга мезбонлик қилган ҳозирги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанснинг нишоналари юзага чиқмоқда. Ушбу тасаввур ҳар бир соҳада чуқур ва жадал равишда инновацияларни амалга оширишга, технологиялар билан ҳамқадам бўлишга, оддий фуқароларнинг фаровонлигини ошириш учун иқтисодиётни ривожлантиришга ва тарихда бўлгани каби билим ва тафаккурга асосланган цивилизация иншо этишга қаратилган.
2026-йилда Ўзбекистонда кутилаётган яна бир жуда муҳим воқеа шуки, президентлигининг дастлабки йилларида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган лойиҳа - Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг очилиши кутилмоқда. Бу муаззам маскан дунёда мислсиз, десак муболаға бўлмайди. Ушбу иншоотда Ўзбекистоннинг минг йиллик тарихи, яъни бизнинг тарихимиз замонавий технологиялар ёрдамида акс эттирилади. Дунёдаги энг қадимги Қуръон карим нусхаси - Усмон Мусҳафи марказ гумбази остидаги маконда жой олади. Ўтган йили жаноб Мирзиёев шундай деган эди: "Ўзбекистон улуғ тарихга эга. Буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий ва маданий мерос инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Бу марказ билан танишган ҳар бир хорижлик меҳмон шундай буюк тарих ва маданиятга эга бўлган ўзбек халқига таъзим билан чиқиб кетишига ишонаман".