Хитой Ўзбекистонда 500 млн долларга қоғоз ишлаб чиқарувчи корхона қурмоқчи
Хитойлик инвесторлар Самарқандга келиб, вилоят ҳокими Адиз Бобоев билан суҳбатлашган. Натижада 3 минг иш ўрни яратилиши мумкин.

Хитой компанияси Ўзбекистонда 500 миллион долларга қоғоз ишлаб чиқарувчи корхона қуради.
Хитойнинг "Huanrong Paper" корхонаси Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида, қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган қоғоз ишлаб чиқариш корхонасини қурмоқчи.
Ўтган ҳафта хитойлик инвесторлар Самарқандга ташриф буюриб, вилоят ҳокими Адиз Бобоев билан суҳбатлашган.
Делегация картон, офис қоғози ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқарадиган бино лойиҳасини тақдим этган.
Лойиҳа 5 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, компания унинг ташкил этилишига 500 миллион доллар ажратмоқчи. Лойиҳа 50 гектар ерни, жумладан, Хишрав-2 эркин иқтисодий зонасини ўз ичига олади.
Компания 3000 иш ўрни яратиши, шунингдек, Ўзбекистон бюджетига йиллик 50-60 миллион доллар солиқ билан фойда келтириши кутилмоқда.
Ҳоким Бобоев ташкилий ва инфратузилма масалалаларида маҳаллий ҳокимлик лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Хитой компаниялари Ўзбекистон бозоридаги иштирокини жадал равишда ошириб бормоқда. Ўтган йили сентябр ойида, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов хитойлик инвесторлар билан мулоқот қилган эди. Натижада томонлар 550 миллион доллардан ортиқ сармояни, қўшма инновация маркази, ҳамда тамаки ишлаб чиқариш заводи ташкил этишга келишиб олишган.