platina.uz
Жаҳон

Россия Харков вилоятида йўловчи поездига зарба берди

Зарба жойидан беш кишининг жасадлари топилди, камида икки вагон ёниб кетган.  

Россия Харков вилоятида йўловчи поездига зарба берди

Россия дрони Харков вилоятида йўловчи поездига зарба берди: беш киши ҳалок бўлди.

Украина расмийлари ушбу ҳужумни террористик ҳаракат деб баҳолади ва у тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга жиддий путур етказаётганини таъкидлади.

Прокурорларнинг айтишича, 27 январ куни Украинанинг Харков вилоятидаги бир қишлоқ яқинида содир бўлган зарба жойидан беш кишининг жасад бўлаклари топилган.

Поезд Украинаннинг ғарбида, Венгрия ва Словакия билан чегарага яқин жойлашган Чоп шаҳридан Барвинкове шаҳрига йўл олган эди. Интернетда тарқалган суратларда қор билан қопланган темирйўл ёқаларида камида икки вагон ёниб кетгани акс этган.

“Ҳар қандай мамлакатда тинч аҳолига хизмат қилувчи поездга дрон зарбаси мутлақо бир хил баҳоланади — бу терроризмдир. Бунда ҳеч қандай ҳарбий мақсад йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, — деб ёзди президент Зеленский Телеграмдаги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, навбатдаги бомбардимон тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларга путур етказмоқда ва иттифоқчиларни урушни якунлаш учун Москвага босимни кучайтиришга чақирди.

“Россиянинг ҳар бир шундай зарбаси ҳануз давом этаётган дипломатик жараёнларни емиради ва бу урушни тугатишга ёрдам бераётган ҳамкорлар саъй-ҳаракатларини издан чиқаради”, — дея ёзди у ижтимоий тармоқларда.

Прокурорлар бир дрон тўғридан-тўғри поездга, яна иккитаси эса унинг ёнидаги ҳудудга урилганини маълум қилди.

Зеленский Телеграмдаги постида поездда 200 нафардан ортиқ йўловчи бўлганини, зарба теккан вагонда эса 18 киши бўлганини маълум қилди.

Прокуратура аввалроқ поездда 155 нафар йўловчи бўлганини билдирган эди. Бош вазир ўринбосари Олексий Кулеба учта дрон иштирокидаги ҳужумни Россиянинг бевосита террористик ҳаракати деб атади.

Украина миллий темирйўл компанияси — “Укрзализнйциа” раҳбари Олександр Пертсовский қутқарувчиларга ва йўловчиларни эвакуация қилишга ёрдам берган ҳамкасблари ҳамда йўловчиларга миннатдорлик билдирди ва поездлар ҳаракати давом этишини таъкидлади.

“Айрим жойларда қўшимча ва қатъий хавфсизлик чоралари кўрилади, аммо энг қўрқинчли кунларда ҳам биз таслим бўла олмаймиз”, дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Россиянинг 50 дан ортиқ дронлардан иборат навбатдаги ҳужуми Украинанинг жанубидаги Одесса шаҳрида уч кишининг ўлимига, 30 дан ортиқ кишининг жароҳатланишига сабаб бўлди, дея маълум қилди минтақавий расмийлар.

Қора денгиз бўйидаги, Украина экспорти учун муҳим бўлган бу шаҳар Россия қўшинлари Украинага деярли тўрт йил аввал бостириб кирганидан бери мунтазам равишда ўққа тутилиб келмоқда.

Вилоят губернатори Олег Кипернинг айтишича, жароҳатланганлар орасида 39 ҳафталик ҳомиладор аёл ҳамда икки нафар қиз бола бор.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid