Тошкентда икки солиқ мансабдори ишдан олинади
Шавкат Мирзиёев уларнинг фаолиятини ўрганиш топшириғини берди.

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимджанов ва Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳожиакбар Муллажонов ишдан олинади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатовга уларнинг фаолиятини ўрганишни топширди.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекциялари бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйишни топширди.
Қўмита раиси Ф.Пўлатов ва қўмитага тайинланган комплаенс бўйича янги ўринбосар А.Солиевга коррупцияга муросасиз муҳитни яратиш, Тошкент шаҳри солиқ раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиб, уларнинг ўрнини ватанпарвар, янгиликка интилиб ишлайдиган шижоатли ёшлар билан тўлдириш вазифаси қўйилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ғаниев қўштирноқ остидаги “тадбиркор”ларга солиқдан қочишда йўл кўрсатиб юргани учун уни бугуннинг ўзида ишдан олиш топширилди.
А.Солиев ва Тошкент шаҳар ҳокимига комплаенс бўйича ўринбосар этиб тайинланган М.Мирҳамидов пойтахтда яширин иқтисодиётга қарши муросасиз муҳит яратишга масъул бўлиши белгиланди.