platina.uz
Жамият

ТИВ ўринбосари Россия элчиси билан учрашув ўтказди

Россиядаги рейдларда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга экани таъкидланди. 

ТИВ ўринбосари Россия элчиси билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида томонлар Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларни батафсил муҳокама қилди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан Россия Федерациясининг ҳудудларида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси бош консуллари иштирок этди. Бу эса жойлардаги амалий иш тажрибасини инобатга олган ҳолда кўтарилган масалаларни аниқ ва атрофлича кўриб чиқиш имконини берди. Россия томонидан эса дипломатик ваколатхонанинг консуллик бўлими раҳбарияти, миграция масалалари бўйича масъул ходимлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон томони миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон фуқароларининг – ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунини бузган фуқароларнинг – ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашув томонларнинг миграция жараёнларини тартибга солиш, шунингдек Россия Федерациясида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний меҳнат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган прагматик ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни ривожлантиришга интилишини тасдиқлади.

Шунингдек, томонлар амалий ҳамкорликни доимий равишда такомиллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам консуллик маслаҳатлашувлари ҳамда икки томонлама учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади, дейилади хабарда.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid