Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан олинди
Бу ҳақда президент раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев лавозимидан озод этилди.
Бу ҳақда президент раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.Давлатимиз раҳбари мавзуни давом эттирар экан, Шайхонтоҳур тумани солиқ инспексияси томонидан “Чорсу” бозорида тўлов интизоми жойига қўйилмагани, “Малика” савдо комплексида эса аҳвол бундан ҳам аянчли эканини кўрсатиб ўтди.
Комплексда 1,5 мингга яқин тадбиркор фаолият юритса-да, уларнинг фақат тўртдан бири рўйхатдан ўтган, 25 фоизи ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаяпти. Шунингдек, декабр ойида пластик карталар орқали ечиб олинган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилган.
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси буджет режасини яхши ишлаётган тадбиркорларга ортиқча тўлов қилдириш ҳисобидан бажармоқда. Жумладан, 46,4 минг корхонадан 876 миллиард сўм ортиқча тўлов ундирилган.
Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни буджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайган. Ўтган йилда мазкур солиқни ноқонуний қайтариш бўйича 20 нафар солиқ ходимига жиноят иши қўзғатилган.
Мубин Мирзаев 2018 йил охирида ушбу лавозимга тайинланган. Унгача Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари бўлиб ҳам ишлаган.
Аввалроқ солиқ тизимида катта тозалаш бошлангани ҳақида хабар берилганди.
