platina.uz
Жамият

Пойтахт ИИББ бошлиғи ва прокурори ҳайфсан олди

Президент Шавкат Мирзиёев уларнинг фаолиятини танқид қилиб, 6 ой синов муддати берди.

Пойтахт ИИББ бошлиғи ва прокурори ҳайфсан олди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмоновга ҳайфсан жазоси қўлланилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган йиғилишда уларнинг фаолияти кескин танқид қилинди ва уларга 6 ойлик синов муддати берилди.

Тошкент шаҳар ички ишлар тизимидаги терговчи ва суриштирувчилар фаолиятида сифат йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, ходимларда малака етишмагани учун ўтган йили 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмай, ҳисобдан яширилган.

“Шаҳарда жиноятчилик 2 мингтага камайтирилди” деб ҳисобот берилгани билан пойтахтдаги 26 та маҳалла “қизил”, 465 таси “сариқ” тоифада қолган.

Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик, безорилик бўйича, Юнусобод босқинчилик бўйича биринчи ўринда. Ёки ўтган йили Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари энг кўп бўлган.

Шу боис, яқинда ушбу туманлар ички ишлар бошлиқларининг барчаси янги қўйилди. Улар ташаббус қилиб, ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш бўйича кескин ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Р.Султонхўжаев, Тошкент шаҳар прокурори в.б. А.Ўрмонов фақат микроавтобусда шаҳар айланиш билан бандлиги танқид қилинди.

Қайд этилганидек, улар 12 та туман ҳокими, ички ишлар бошлиғи, прокурори, “маҳалла еттилиги” ва жамоатчилик билан ҳамжиҳат ишласа, 7,5 мингта жиноятнинг олдини олса бўлар эди.

Ҳар иккала амалдор ҳам тайинланганига ҳали бир йил бўлмади. Султонхўжаев 2025 йил мартда, Ўрмонов эса ўша йил июлда мазкур лавозимларни эгаллаган эдилар.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid