Мобил компаниялар абонент розилигисиз бепул хизматларни пуллик қилишига йўл қўйилмайди
Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режаси билан бепул алмаштириши мумкин бўлади.

Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.
Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларини янги таҳририни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3672, 26.01.2026 й.).
Ушбу ҳужжатда телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда фуқароларга қулайликлар яратишга қаратилган қуйидаги бир қатор янгиликлар белгиланди.
Жумладан, мобил алоқа абонентлари шахсий ҳисобида маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаганда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш (мавжуд бўмаган рақам ҳолатига ўтказиш) муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилади.
Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режаси билан бепул алмаштириши мумкин бўлади (бундан муайян гуруҳ ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно).
Амалдаги тарифлар шартлари ўзгарганда, абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайт ёки СМС хабарномалар орқали мажбурий тартибда хабардор қилинади.
Аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, хизмат кўрсатиш пунктига келиш имконияти бўлмаган фуқаролар учун яшаш жойига бориш, олис ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида сайёр мобил алоқа хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.
Абонент розилигисиз дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишга йўл қўйилмайди.
Қоидаларга кўра, абонент – жисмоний шахсдан тариф режаси бўйича абонент тўлови ва хизмат учун маблағ ечишда ҳисобни салбий ҳолатга (қарздорлик ҳолатига) келтириш тақиқланади.
Абонентлар Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига кеча-кундуз бепул қўнғироқ қилишлари мумкинлиги белгиланди.
Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш эндиликда хизмат кўрсатиш пунктларида 8 иш соатида эмас, балки 20 дақиқа ичида амалга оширилади.
Мобил алоқа абонентларига пуллик қўшимча хизматларга обуна бўлиш бўйича контент хизматлари кўрсатишнинг қуйидаги янги тартиби белгиланди:
- хизматларни активация қилиш операторларнинг мобил иловалари ёки USSD кодлар орқали амалга оширилади;
- абонентларнинг розилик тасдиғини олмасдан хизматларни автоматик улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишга йўл қўйилмайди;
- контент провайдерлари томонидан абонентларга тақдим этиладиган барча пуллик хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлиши керак.
Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан кейин кучга киради.