Ҳуқуқ-тартибот идоралари бўйича мутлақо янги тизим яратилади
Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий этилади. Ҳар бир вазир биттадан туманга бириктирилади.

Тошкент шаҳри мисолида айтилган барча масалалар бутун республика ҳуқуқ-тартибот идораларига бирдек тегишли экани қайд этилди.
Масъул идоралар уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиёт бўйича жиловни қўлга олиб, ходимларининг дунёқарашини ўзгартирса, уларни янгича ишлашга ўргатса, шунда натижа бўлиши кўрсатиб ўтилди.
Шунинг учун ушбу 4 та йўналиш бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, биринчи навбатда Тошкент шаҳрида бошланади.
Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий этилади. Ҳар бир вазир биттадан туманга бириктирилади. Масаланинг муҳимлигини инобатга олиб, Президент Администрацияси вакили ҳам битта туманга бириктирилади.
Ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари қуйидаги муаммоларни илм билан ҳал қилади ва методик тавсиясини туманда жорий этади. Олийгоҳ кафедралари олти ой давомида маҳаллага тушиб, “маҳалла еттилиги” ва ҳуқуқ-тартибот ходимларини ягона дастур бўйича ўқитади.
Ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари 3-4 курс талабалари ҳам дуал таълим асосида профилактика ва жамоат тартибини сақлаш хизматларида амалиёт ўтайди.
Янги тизим асосида хавфсиз муҳит пойтахтга туташ бўлган ва криминоген вазиятга таъсир кўрсатадиган Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида ҳам яратилади.
Президентимиз янги тизимни Чилонзор тумани мисолида тушунтириб берди.
Ўтган йили туманда олдини олиш мумкин бўлган 1 минг 407 та жиноят содир этилган. Уларнинг 40 фоизи маҳалла ҳудудида бўлган. Ёки ўғрилик, талончилик, тан жароҳати, безорилик каби жиноятлар асосан тунги вақтда содир этилмоқда.
Шу боис, жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади.
Патруль-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари тун-у кун 3 сменали хизмат режимига ўтади ҳамда 70 фоизи соат 17 дан тунги 3 гача патрульлик қилади. Патруль гуруҳлари ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.
Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилади. Улар тунги вақтда ўз бошлиқларига берилган барча ваколатга эга бўлади, мустақил қарор қабул қилади ва масъулиятни ҳам тўлиқ зиммасига олади.
Бундан буён туман ички ишлар жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари ва 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари бошқа ишларга умуман жалб қилинмайди. Уларнинг фаолияти фақат вазирнинг буйруғи билан тартибга солинади.