Ички ишлар вазирининг икки ўринбосари нега қамалгани айтилди
Шаҳарларга ўрнатилаётган янги светофор ва бошқа йўл ускуналарини гўёки хориждан импорт қилинган дея кўрсатилган. Аслида улар маҳаллий маҳсулотларни ўтказиш бўйича тузилган жиноий схемалар орқали етказилган.

Ўзбекистон ички ишлар вазирининг бир кунда ишдан олинган икки собиқ ўринбосари — Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов нега қамалгани айтилди.
Улар давлат мулкларини йирик миқдорда талон-торож қилишда гумонланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Бу ҳақда “Дарё” нашри ўз манбаларига асосланиб хабар берди.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов генерал-маёр Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов атрофидаги вазият бўйича ОАВ сўровларига жавоб бераркан, ҳолатни инкор этмаган, айни вақтда, бу масала билан Бош прокуратура шуғулланаётганини маълум қилган. Бош прокуратура матбуот хизмати масалага изоҳ бермаган.
ОАВ манбаларининг маълум қилишича, ИИВнинг икки бўлинмаси — Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳамда Жазони ижро этиш департаменти (ЖИЭД) собиқ бошлиқлари йирик миқдордаги давлат мулкларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва яна бошқа ҳолатлар бўйича гумонланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
“Бунда гап, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 100 млрд сўмдан ортиқ суммадаги зарар ҳақида бормоқда”, — дейди манба.
Таъкидланишича, давлат манфаатларига бундай йирик миқдордаги зарар Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларига ўрнатилаётган янги светофор ва бошқа йўл ускуналарини гўёки хориждан импорт қилинган дея кўрсатиб, аслида маҳаллий маҳсулотларни ўтказиш бўйича тузилган жиноий схемалар орқали етказилган.
Маълумот учун, генерал-маёр Бекмурод Абдуллаев 2025 йил 3 ноябрь куни президент фармойиши билан ички ишлар вазири ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан олинган эди. Абдуллаев ушбу лавозимга 2021 йил апрель ойида тайинланган эди.
Бунгача у (2020 йил апрель ойидан) Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари, (2019 йил ноябрь ойидан) ИИВ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, (2018 йил октябридан) Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Молия ва моддий-техник таъминот бошқармаси бошлиғи лавозимларида ҳам ишлаган.
Абдуллаев билан бир кунда ИИВнинг Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсунов ҳам лавозимидан озод этилганди. Турсунов ушбу лавозимда 2021 йил февраль ойидан бери ишлаб келаётган эди. Бунгача у Жиззах (2017—2018) ва Навоий (2018—2021) вилоятлари ИИБларига раҳбарлик қилган.