platina.uz
Спорт

Европа ЖЧ-2026га бойкот эълон қиладими?

Ҳозирда қўҳна қитъа вакиллари бойкот масаласини кенг қамровда муҳокама қилмаяпти. Агар Трамп Гренландияга эришиш учун босқин йўлини танласа, вазият тубдан ўзгаради. 

Европа ЖЧ-2026га бойкот эълон қиладими?

Европа ЖЧ-2026га бойкот эълон қилиши мумкинми?

Европада Доналд Трамп сиёсати туфайли АҚШ мезбонлик қиладиган ЖЧ–2026 ни бойкот қилиш чақириқлари тобора баландроқ янграмоқда.

Европа ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб борар экан, 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатини Европа етакчилигида бойкот қилиш ҳақидаги чақириқлар айрим доираларда тобора кучаймоқда.

Сиёсатчилар, мухлислар ва футбол раҳбарлари орасида АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг ҳаракатлари — айниқса Гренландия масаласидаги сиёсати — турнирда иштирок этишни муаммоли қилади, деб ҳисоблаётганлар бор.

Трамп Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумидаги нутқида Гренландияни аннекция қилиш учун куч ишлатмаслигини айтган бўлса-да, бундан олдин шундай деган эди:

“Агар мен ҳаддан ташқари куч ва зўравонлик ишлатишга қарор қилмасам, эҳтимол ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Бундай ҳолатда эса, очиғини айтганда, бизни ҳеч ким тўхтата олмайди”.

АҚШ президентининг турли масалалар бўйича кескин ва кутилмаган қарор ўзгаришлари тарихини ҳисобга олган ҳолда, Европа ҳукуматлари Гренландия бўйича НАТО билан келишув доираси келишиб олингани ҳақидаги кейинги баёнотларга қарамай, барча эҳтимолий сценарийларга тайёр туриши лозим. Худди шунингдек, футбол ассоциациялари ҳам.

Дания Социал-демократлар партиясининг маданият, ОАВ ва спорт масалалари бўйича вакили Могенс Йенсен DW нашрига берган интервьюсида, Гренландия Даниянинг ярим автоном ҳудуди бўлишига қарамай, Дания ҳозирча бойкот чақириқларини илгари сурмаётганини айтди.

“Партиямиз ва шахсан менинг фикримча, бу воситалар қаторида энг охирги чорадир, унга фақат зарурат туғилгандагина мурожаат қилиш керак” — деди у.

Бироқ Йенсеннинг қўшимча қилишича, агар Трамп барибир мақсадига эришиш учун босқин йўлини танласа, вазият тубдан ўзгаради.

“Очиқ айтаман, ҳа, агар шундай ҳолат юз берса, бойкот масаласи жуда-жуда долзарб бўлади”, — деди Йенсен Трамп Давос саҳнасига чиқишидан бир неча дақиқа олдин.

Мухлислар норозилиги петит­сия орқали кучаймоқда

Нидерландиялик Теун ван де Койкен НАТОга аъзо бир давлатнинг бошқасига таҳдид солаётгани кўриб ранжиб, ўз мамлакатида петиция бошлади.

Ҳозирда бу петицияни имзолаганлар сони 135 мингдан ошди ва тобора кўпаймоқда.

“Спорт ташкилотлари деярли ҳар доим сиёсатни спорт билан аралаштирмаймиз" дейди. Аммо муаммо шундаки, сиёсат аллақачон спортнинг ичига кириб бўлган ва сиз барибир позиция билдиришингиз керак” — деди ван де Койкен DWʼга.

У энди петицияни кенгроқ, глобал аудиторияга етказиш йўлларини изламоқда ва бошқа мухлисаларда ҳам турнирга нисбатан норозилик борлигига ишонади.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid