Ўзбекистон глобал инглиз тилини билиш рейтингида 104-ўринни эгаллади
Собиқ Иттифоқ давлатлари орасида рейтингда Латвия (16-ўрин), Эстония (31-ўрин), Литва (33-ўрин), Украина (45-ўрин) ва Россия (49-ўрин) яхши натижа кўрсатган.

Ўзбекистон 2025 йилги глобал инглиз тилини билиш рейтингида 104-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон 123 та давлат орасида 104-ўринга тушиб, 429 балл тўплади. Бу глобал ўртача кўрсаткичдан (488 балл) паст бўлиб, мамлакат “жуда паст” даражасида қолмоқда.
EF English Proficiency Index (EFI) мутахассислари Ўзбекистоннинг инглиз тили билиш даражасини “жуда паст” деб баҳолашди.
Айрим кўникмалар бўйича натижалар қуйидагича: ўқиш — 420, тинглаш — 385, ёзиш — 498, гапириш — 454. Ёзиш ва гапириш кўникмалари “паст” даражада бўлиб, ўқиш ва тинглашдан юқорироқ натижа қайд этган бўлсада, улар ҳали ҳам "жуда паст" даражада қолмоқда.
Ҳудудлар бўйича энг юқори натижа Фарғона вилоятида — 470 балл, ундан кейин Андижон (453) ва Тошкент вилояти (447); энг паст натижа Жиззах вилоятида — 395 балл қайд этилди. Шаҳарлар орасида Фарғона 470 балл билан етакчилик қилмоқда, ундан кейин Тошкент (469), Андижон (465), Наманган (464) ва Урганч (463).
Инглиз тили энг юқори даражада 31–40 ёшдагилар ва 40 ёшдан ошганлар орасида кузатилди. Эркаклар ва аёллар ўртасида инглиз тили билиш даражасида сезиларли фарқ аниқланмади.
Ўзбекистоннинг EF EPI рейтингидаги ўрни 2018 йилдан бери пасайиб бормоқда: 86-ўрин (2018), 95-ўрин (2019), 88-ўрин (2020–2021), 89-ўрин (2022), 93-ўрин (2023), 98-ўрин (2024) ва 104-ўрин (2025).
Минтақада Ўзбекистон Қозоғистон (107-ўрин) ва Тожикистон (110-ўрин)дан олдинда, аммо Қирғизистондан (101-ўрин) орқада қолди.
Собиқ Иттифоқ давлатлари орасида рейтингда Латвия (16-ўрин), Эстония (31-ўрин), Литва (33-ўрин), Украина (45-ўрин) ва Россия (49-ўрин) етакчилик қилмоқда.
Глобал миқёсда EPI рейтингида биринчи ўринларни Нидерландия, Хорватия ва Австрия эгалламоқда.
Индекс 123 та давлатда 2,2 миллион ортиқ иштирокчиларнинг ўқиш, тинглаш, ёзиш ва гапириш кўникмалари бўйича синовдан ўтказди.